
Хитойда уй ҳайвонларини клонлаштиришга бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Бу ҳақида Daily Mail нашри хабар тарқатди. Нашр пекинлик дизайнер Лю Синнинг ҳикоясини мисол келтирган. Лю тахминан 15 йил аввал кўчадан топган мушуги Томкетни клонлашга қарор қилган.
Томкет ёши улғайгани сари касаллана бошлаган ва унинг эгаси Лю Син мушугини йўқотишни истамаган. Шунинг учун у ҳайвоннинг терисидан намуналар олиб, мутахассисларга мурожаат қилган. Учинчи уринишда мутахассислар Томкетнинг клонини яратишга муваффақ бўлишди, янги мушукча асл нусхасидан деярли фарқ қилмас эди. Хизмат нархи Лю Син учун 19 минг долларни ташкил этган.
Мазкур хизматни кўрсатувчи компаниялар уй ҳайвонининг терисидан олинган намуналар асосида клонларни яратади. Бироқ, ушбу жараён ҳар доим ҳам муваффақиятли кечмайди – баъзан бир неча бор уриниш талаб этилади ёки бир вақтнинг ўзида бир нечта клонлар пайдо бўлиши мумкин. Оддий ҳолатда буюртмачилар 12-18 ой ичида клонлаштирилган ҳайвонларни қабул қилиб олишади.
Хитойда уй ҳайвонларини тижорат мақсадида клонлашга рухсат берилган бўлса-да, хизматнинг оммалашуви билан боғлиқ ахлоқий масалалар ҳам жамият томонидан тобора кўпроқ муҳокама қилинмоқда. Баъзи мутахассислар бу жараённи табиатга аралашув сифатида баҳолаб, этик масалаларни кўтармоқда.
Бироқ, кўплаб ҳайвон эгалари учун бу хизмат ўзларининг севимли жониворлари хотирасини сақлаб қолиш ва улар билан туғилган ҳиссий алоқани давом эттириш имконияти бўлиб қолмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар