
Индонезиядаги Флорес ороли шарқида жойлашган Левотоби вулқони фаоллашиб, 8 километр баландликка кул устуни отилди, деб хабар берди маҳаллий оммавий ахборот воситалари.
Индонезия Геология агентлиги маълумотига кўра, вулқон 21 март куни бир кеча ва икки марта кундузи отилган. Натижада яқин атрофдаги қишлоқлар кул билан қопланган. Айниқса, кул қатлами қишлоқ хўжалик фаолияти билан шуғулланувчи аҳолига жиддий таъсир кўрсатган.
Бали оролидаги халқаро аэропортда Jetstar ва Air Asia авиакомпанияларига тегишли Австралия ҳамда Куала-Лумпурга йўналган рейслар бекор қилинди.
Ҳукумат вулқон хавф даражасини энг юқори босқичга олиб чиқди ва 7–8 километрлик радиусдаги ҳудудга киришни тақиқлади. Табиий офатларга қарши кураш агентлиги 14 кунлик фавқулодда ҳолат эълон қилган. Айни дамда 4700 нафар аҳоли хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Левотоби вулқони ноябрь ойида отилиб, 9 киши ҳалок бўлган ва ўнлаб киши жароҳатланганди. Индонезияда 130 тага яқин фаол вулқон мавжуд бўлиб, мамлакат Тинч океанидаги олов ҳалқаси деб аталувчи геологик фаол минтақага киради. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар