11:10 / 22.03.2025
447

Эрдўған: «Туркия кўча терроризмига таслим бўлмайди»

Эрдўған: «Туркия кўча терроризмига таслим бўлмайди»
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳукумат мамлакатда содир бўлаётган кўча тартибсизликларига қарши қатъий чоралар кўришини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Туркия ҳеч қачон «кўча терроризмига таслим бўлмайди», чунки мамлакат «кўчадан топиб олинган эмас».

Эрдўған мухолифатни полиция ходимлари жароҳатланган намойишларда қатнашишга чақиргани учун танқид қилди. У бу ҳаракатларни Туркиянинг барқарорлигига қарши уриниш, деб баҳолади. Президентнинг таъкидлашича, ҳукумат ноқонуний намойишларга ва тартибсизликларга тоқат қилмайди.

«Маргинал гуруҳларга эргашиш, полицияга ҳужум қилиш, судя ва прокурорларга таҳдид қилиш орқали мамлакатда ҳеч нарсага эришиб бўлмайди», – деди Эрдўған. У мухолифатнинг коррупцияга қарши кураш баҳонасида тартибсизликларни келтириб чиқараётганини даъво қилди.

Шу билан бирга, Республика халқ партияси раиси Ўзғур Ўзел намойишларни давом эттиришини билдирди. У хавфсизлик кучларини митингчиларга қарши қалампир гази ва резина ўқлар ишлатмасликка чақирди. Турк оммавий ахборот воситаларига кўра, полиция митингчиларга нисбатан куч ишлатмоқда, аммо расмийлар буни рад этмоқда.

Намойишлар оқибатида бир неча намойишчи тиббий ёрдамга мурожаат қилган, 16 полиция ходими жароҳатланган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг