
Суриядаги янги ҳукумат Россия раҳбари Владимир Путиндан собиқ президент Башар Асадни суд жараёни учун экстрадиция қилишни сўради. Бу ҳақда Al Arabiya нашри хабар берди.
Расмий сўров Сурия президенти ва "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" гуруҳи етакчиси Аҳмад аш-Шаръа (Ал-Жулоний) номидан Москвага юборилган. Reuters манбаларига кўра, бунгача ҳам Башар Асад томонидан Москвага йўналтирилган маблағларни қайтариш талаби илгари сурилган эди. Россия делегациясининг яқиндаги ташрифи чоғида Асадлар оиласининг Россияда активларга эга эмаслиги маълум қилинди.
Ушбу учрашув давомида Сурия вакиллари Асадни мамлакатда суд қилиш учун Москвага топшириш масаласини яна кўтарган. Al Arabiya манбаларига кўра, уч соат давом этган музокаралардан сўнг, Россия томони Асадни экстрадиция қилиш масаласи икки давлат ўртасидаги муносабатларни тиклаш учун енгиб бўлмас тўсиқ эмаслигини таъкидлади.
Бундан ташқари, 20 март куни Владимир Путин суриялик ҳамкасбига ҳамкорликни давом эттириш таклифи ва унинг "вазиятни барқарорлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларини" қўллаб-қувватлашини билдирган мактуб йўллади. Гап Сурияда ҳукумат қўшинлари ва Асад тарафдорлари ҳисобланган алавийлар ўртасида юз берган қуролли тўқнашувлар ҳақида кетмоқда. Март ойи бошида мамлакатнинг шимолий ҳудудларида содир бўлган ушбу жангларда мингдан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлган.
Февраль ойи бошида Суриянинг янги мудофаа вазири Мурхаф Абу Касра Россиянинг Тартус ва Хмеймимдаги ҳарбий базалари масаласида Сурия ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ҳаракат қилишини таъкидлади. Унинг айтишича, агар Москва Сурияга зарур бўлган нарсани – яъни ҳозирда Россияда яширинган Асадни топширса, Россия бу объектларни сақлаб қолиш имкониятига эга бўлади.
Сўнгги ойларда Владимир Путин Суриядаги ҳарбий базалари ва Россия таъсирини сақлаб қолиш мақсадида янги ҳукумат билан алоқаларни мустаҳкамлашга интилмоқда. Масалан, ўтган ҳафта Россия нефти ортилган бир неча танкер Сурияга етиб келди. Шунингдек, февраль ва март ойларида Дамашққа Асад ҳокимияти даврида Москвада чоп этилган Сурия валютаси жўнатилган.
Маълумотларга кўра, Башар Асад ва унинг оиласи Россиядан бошпана сўраган ва ҳозирда Москвада истиқомат қилмоқда. Суриянинг янги ҳукумати эса уни судга тортиш учун экстрадиция қилишга интилаётганини билдирмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар