
Абу-Даби Федерал апелляция суди Исроил ва Молдова фуқароси, БАА резиденти бўлган роҳиб Цви Коганни «террорчилик ниятида қасддан ўлдиришда айбдор», деб топилган Ўзбекистоннинг 3 нафар фуқароси ўлим жазосига ҳукм қилди. Ҳукм 30 март куни Абу-Даби Федерал апелляция суди Давлат хавфсизлик палатаси томонидан бир овоздан қабул қилинган.
Амирлик ички ишлар вазирлиги аввалроқ уларнинг исм-шарифини очиқлаган эди: Олимбой Тоҳирович – 29 ёш, Маҳмуджон Абдураҳим – 29 ёш ва Азизбек Комилович – 34 ёш.
Айбланувчиларга ёрдам берган тўртинчи судланувчи эса умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Жазони ўтаб бўлгач, у (жасади) БААдан депортация қилинади. Ушбу шахснинг қайси давлат фуқароси экани очиқланмаган.
WАМ ахборот агентлигининг маълум қилишича, Бош прокурор доктор Ҳамад Саиф Ал Шамси 2025 йил январь ойида тўрт нафар айбланувчи қўлга олингани ва судга далиллар тақдим қилинганини маълум қилган. Давлат хавфсизлик прокуратураси томонидан судга тақдим этилган далиллар – «судланувчиларнинг қотиллик ва одам ўғирлаш жиноятларини батафсил тан олишлари, суд-тиббий экспертиза хулосалари, ўлимдан кейинги экспертиза хулосаси, жиноятда қўлланилган воситалар тафсилотлари ва гувоҳларнинг кўрсатмалари»дан иборат.
Бирлашган Араб Амирликлари қонунчилигига кўра, ўлим жазоси ҳукмлари устидан автоматик равишда апелляция қилинади ҳамда кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун Федерал Олий суднинг жиноят ишлари бўйича коллегиясига юборилади.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги БААда 3 нафар Ўзбекистон фуқароси ўлим жазосига ҳукм қилинганини Kun.uz'га тасдиқлади.
«Бу ҳали якуний ҳукм эмас. БААда ўлим жазоси ҳукми устидан автоматик равишда апелляция қилинади ва Федерал Олий суднинг жиноят ишлари бўйича коллегиясига юборилади», деди ТИВ матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов Kun.uz мухбири билан суҳбатда. Шунингдек, ТИВ расмийси фуқароларига ўлим ҳукми чиқарилгани юзасидан Ўзбекистоннинг позициясини очиқламади.
Аввалроқ, ҳукуматдаги расмий манбаларга таяниб Исроил нашрлари ушбу ҳукм ҳақида хабар берган эди. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда айбланувчилардан бирининг онаси билан суҳбати аудиоси тарқалди. Унда фуқаро «ўзи ва шерикларига ўлим жазоси тайинлангани ва имкон бўлса, адвокат олиб ҳаракат қилиш кераклиги»ни сўраган.
БААда исроиллик раввиннинг ўлими ва ўзбеклар масаласи
2024 йил 21 ноябр куни БААнинг Ал-Айн амирлигида Исроил ва Молдова фуқароси, БАА резиденти бўлган роҳиб Цви Коганнинг жасади қотиллик аломатлари билан топилди. БАА Ички ишлар вазирлиги жиноятда гумонлаб уч нафар Ўзбекистон фуқаросини қўлга олган. Исроил нашрларига кўра, “Моссад” гумондорларни Эрон билан боғлиқ гуруҳга алоқадор деб ҳисобламоқда.
Ўтган йили 25 ноябр куни эса Дубайда меҳнат қилаётган бир гуруҳ Ўзбекистон фуқаролари полиция томонидан олиб кетилди. Полиция ҳолат бўйича изоҳ бермаган, ушлаб турилганлар билан ҳеч ким гаплаша олмаган. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Kun.uz'га 6 декабр куни берган изоҳида ҳолат юзасидан БАА ТИВга нота юборилгани ва жавоб кутилаётганини маълум қилганди.
Кейинроқ, уларнинг айримлари қўйиб юборилгани, айримлари депортация қилингани ҳамда яна 5 кишига нисбатан жиноий иш очилгани маълум бўлди.
Шунингдек, 2024 йил 26 ноябр куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Исроил элчиси билан учрашиб, Ўзбекистон ҳукумати тергов жараёнларида БАА ва Исроил идоралари билан яқиндан ҳамкорлик қилаётганини билдирди.
30 ноябр куни эса Тошкент–Абу-Даби йўналишида учган Ўзбекистон фуқароларидан 31 нафари – фақат эркаклар – амирликлар ҳудудига киритилмади. Улар Абу-Даби халқаро аэропортида чегарадан ўтказилмаган. Ўзбекистоннинг БААдаги элчихонаси аэропорт маъмурияти ва амирликларнинг мутасадди идоралари билан мулоқотда бўлиб, вазият назоратга олинганини маълум қилди. Кейинроқ Абу-Даби халқаро аэропортида қолиб кетган ватандошларнинг бир қисми Ўзбекистонга қайтарилгани хабар қилинди.
Ўтган йили 2 декабр куни ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев БААнинг Ўзбекистондаги элчиси Саид Матар ал-Қамзийни қабул қилди. ТИВ ахборотига кўра, томонлар сўнгги кунларда Ўзбекистон фуқароларининг БААга киришида кузатилаётган қийинчиликлар бўйича фикр алмашган ҳамда ҳолатни имкон қадар қисқа муддатларда ҳал қилиш бўйича чора-тадбирлар кўришга келишиб олган.
17 декабр куни эса ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов БАА элчиси Саид Матар ал-Қамзийни қабул қилди. Расмий релизда амирликдаги ўзбекистонликлар билан боғлиқ ҳолат муҳокама қилингани ҳақида маълумот йўқ. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар