
Дунёдаги энг шов-шувли сиёсатчилардан бири, собиқ ва эҳтимолда келажакдаги АҚШ президенти Доналд Трамп яна молиявий синовлар гирдобида. Forbes’нинг сўнгги таҳлилларига кўра, Трампнинг умумий бойлиги ярим миллиард долларгача камайди. Бу пасайишнинг асосий сабаби — президентнинг ўзи бошлаб берган савдо урушлари ва уларнинг бозорга кўрсатган таъсири.
Биржалар жавоб қайтарди
Трамп томонидан дунёнинг турли мамлакатларига, жумладан Хитой ва Европа Иттифоқига қарши жорий этилган божлар "ўз одамини" биринчи бўлиб жар ёқасига етаклади. АҚШ фонд биржаларида уч кун давомида пастга ҳаракат қилган акциялар Трампга тегишли бўлган компанияларни ҳам четлаб ўтмади.
Энг катта йўқотиш — Trump Media and Technology Group. Forbes ҳисоб-китобларига кўра, бу компания қиймати 2,2 миллиард доллардан 2 миллиардгача тушиб кетди. Яъни фақатгина бир активнинг ўзи 200 миллион доллар "эриди".
Кўчмас мулк ҳам қиймат йўқотмоқда
Кўпчилик билганидек, Трамп " кўчмас мулк подшоҳи" сифатида ном қозонган. Аммо бу соҳадаги улушларининг ҳам қиймати тушиб кетди. Бу билан у яна тахминан 90 миллион доллар бойликдан маҳрум бўлди.
Шунингдек, Forbes маълумотларига қараганда, президентнинг криптовалюта активлари, диверсификацияланган облигациялар ва акциялари ҳам тушишда давом этмоқда. Ушбу йўқотишлар умумий ҳисобда 240 миллион доллар атрофида баҳоланмоқда.
Сиёсий қарорлар — молиявий оқибатлар
Айтиш мумкинки, Трамп сиёсий ҳаракатлари билан фақат геосиёсий мувозанатни эмас, балки шахсий бойлигини ҳам титратмоқда. Унинг бож сиёсати бозорларга бевосита таъсир кўрсатар экан, бу оқибатда Трампнинг ўзини ҳам "қурбон"га айлантирди.
Миллиардернинг молиявий юришлари хатар остида
Қайд этиш керак, Трамп ҳали ҳам миллиардлар эгаси, аммо бу тенденция давом этса, унинг молиявий устунлиги янада қийин синовлардан ўтиши мумкин. Сиёсат ва иқтисод ўртасидаги ингичка чизиқ яна бир бор намоён бўлди — бу галги "тузоқ"ни эса Трампнинг ўзи тузганга ўхшайди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!