date
views 1 285

Хитой АҚШ билан келишувга киришаётган давлатларга кескин огоҳлантириш берди

Хитой АҚШ билан келишувга киришаётган давлатларга кескин огоҳлантириш берди
Хитой Савдо вазирлиги вакили мамлакат манфаатларига зарар етказадиган келишувларни амалга ошираётган давлатларга кескин жавоб чоралари кўрилишини билдирди.

“Хитой ҳар қандай мамлакатнинг ўз миллий манфаатларига зиён етказувчи битимларга қўл уришини қабул қилмайди ва буни қатъий рад этади. Агар шундай вазият кузатилса, биз бир хил даражада кескин ва қатъий чоралар билан жавоб қайтарамиз”, – дейилади вазирлик баёнотида.

Ушбу баёнот АҚШ маъмуриятининг Хитойга қарши иқтисодий босимни кучайтириш ва унинг иқтисодиётини изоляция қилиш мақсадида бошқа давлатлар билан савдо ва тарифлар бўйича музокаралар олиб бориш режасига қарши жавоб сифатида берилди.

Американинг машҳур нашри The Wall Street Journal маълум қилишича, Оқ уй бошқа давлатларни Хитой иқтисодиётини чеклашда ҳамкорлик қилишга мажбур қилиш учун уларга АҚШ билан ўрнатилган тариф ва савдо тўсиқларини юмшатишни таклиф қилмоқда.

Хитой Савдо вазирлиги ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қодир эканини қайта-қайта таъкидламоқда. Шу билан бирга, вазирлик халқаро савдода адолат бузилиши ва “ўрмон қонуни” қайтиши бутун дунё мамлакатларига салбий таъсир кўрсатишидан огоҳлантирди.

“Хитой ҳар қандай таҳдидга қарши туришга ва халқаро савдо тизимидаги адолатни ҳимоя қилишга тайёр”, – дея қўшимча қилди вазирлик вакили.

Шундай қилиб, Хитой халқаро иқтисодий муносабатларда ўз позициясини очиқ-ойдин эълон қилиб, ўз миллий манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида ҳеч қандай чекловларни қабул қилмаслигини кўрсатмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитой АҚШ билан келишувга киришаётган давлатларга кескин огоҳлантириш берди
-->