date
views 258

Россиянинг дрон ҳужуми: Украинада автобус дрон зарбасига учради, кўплаб қурбонлар бор

Россиянинг дрон ҳужуми: Украинада автобус дрон зарбасига учради, кўплаб қурбонлар бор
Фото: Telegram / dnipropetrovskaODA
Украинанинг Днепропетровск вилоятидаги Марганец шаҳри Россия қуролли кучларининг дронлар билан амалга оширган ҳужумига учради. Бу ҳақда вилоят маъмурияти раҳбари Сергей Лисак маълум қилди.

Унинг хабар беришича, 23 апрель кечаси содир бўлган ҳужум оқибатида корхона ишчиларини ташийдиган автобус дрон зарбасига учраган. Ачинарлиси, воқеа натижасида 9 киши қурбон бўлди, яна 30 киши турли даражада жароҳат олган.

Бундан аввалроқ Сергей Лисак тунда Россияга тегишли тўртта учувчисиз самолёт уриб туширилгани ва ушбу воқеалар натижасида икки киши жароҳатланганини хабар қилган эди.

Украина ОАВларининг тарқатган маълумотларига кўра, 23 апрелга ўтар кечаси Россия ҳарбийлари томонидан дронлар билан бир қатор ҳудудларга ҳужум уюштирилган. Хусусан, Полтава вилоятига берилган зарбалар оқибатида турар-жой биноларидан бири яқинига дрон қулаб тушган ва уч киши жароҳатланган.

Шунингдек, Одесса вилоятида ҳам турар-жой бинолари ва бир корхона ҳудудида ёнғин келиб чиққан, бу ерда икки киши жабрланган. Киев вилоятининг Броварский туманида эса дрон бўлаклари қулаши натижасида меҳмонхона ва ресторан мажмуасида ёнғин содир бўлган, бахтига ҳеч кимга зарар етмаган. Бу ҳақда Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати маълум қилмоқда.

Ҳозирча Россия ҳукумати ушбу ҳодисалар бўйича бирор расмий муносабат билдиргани йўқ.

Украинада содир бўлган ушбу мудҳиш ҳужумлар халқаро ҳамжамиятнинг катта эътиборига сабаб бўлмоқда. Ҳозирда ҳудудлардаги зарар кўрган бинолар ва инфратузилмаларни тиклаш ишлари бошлаб юборилган.

Россия-Украина ўртасидаги ушбу жанговар ҳаракатлар натижасида кўплаб тинч аҳоли қурбон бўлмоқда ва жабр кўрмоқда. Шунинг учун ҳам халқаро ташкилотлар можаронинг тезроқ ҳал этилишига умид билдириб, томонларни вазминлик ва тинчликка чақирмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россиянинг дрон ҳужуми: Украинада автобус дрон зарбасига учради, кўплаб қурбонлар бор