date
views 91

Илон Маск ва АҚШ молия вазири Скотт Бессент Оқ уйда жанжаллашиб қолди

Илон Маск ва АҚШ молия вазири Скотт Бессент Оқ уйда жанжаллашиб қолди
Ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE) раҳбари Илон Маск ва АҚШ молия вазири Скотт Бессент ўтган ҳафта Овал кабинетда президент Доналд Трамп ва бошқа амалдорлар ҳузурида кескин жанжаллашиб кетди. Бу ҳақда воқеанинг икки гувоҳи ва уч нафар манбага таянган ҳолда Axios нашри хабар берди.

Ушбу ҳодиса гувоҳларидан бири воқеани «Ўрта ёшдаги икки миллиардер Оқ уйнинг Ғарбий қанотини рестлинг майдонига айлантириб юборди», деб тасвирлади. Шунингдек, гувоҳнинг таъкидлашича, улар ўзаро ҳақоратларга ҳам йўл қўйган.

Жанжал шу даражада кучайиб кетганки, Маск ва Бессентнинг ўртасига уларни тинчлантириш учун ёрдамчилардан бири аралашишга мажбур бўлган. Axios'нинг таъкидлашича, ушбу тортишув шу куни Доналд Трамп билан учрашувга келган Италия бош вазири Жоржа Мелонининг ҳам қулоғига етиб борган. «Бу ҳақиқий томоша бўлди. Улар жуда баланд овозда баҳслашишди», — деган яна бир манба.

Жанжалга Солиқ хизмати раҳбари лавозимига кимни тайинлаш масаласидаги келишмовчилик сабаб бўлган. Президент Трамп Илон Маскнинг тавсияси билан Гари Шеплини Солиқ хизмати бошлиғи вазифасини бажарувчи қилиб тайинлаган. Аммо Скотт Бессент бу лавозим учун молия вазири ўринбосари Майкл Фолкендер номзодини кўрсатган ва Маск унинг ортидан иш қилганидан қаттиқ жаҳли чиққан.

Axios'нинг қайд этишича, мазкур баҳс Трамп маъмуриятидаги юқори лавозимдаги амалдорлар Илон Маскнинг иш услубидан қанчалик норози эканликларини кўрсатиб берган. «Бу ерда гап фақат кимнинг ҳақлиги ёки ноҳақлиги эмас. Асосий масала назорат ва ҳокимият масаласи», — деб таъкидлаган нашр манбаси.

Эслатиб ўтамиз, шу йил март ойининг бошларида Илон Маск ва АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ўртасида Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида ҳам шу каби низо содир бўлган эди. Ўша баҳс давомида Доналд Трамп ҳеч қандай муносабат билдирмай, шунчаки томошабин бўлган ва баҳс жуда чўзилиб кетганидан сўнггина «Рубио ажойиб иш қиляпти», деб қисқагина муносабат билдирган эди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Илон Маск ва АҚШ молия вазири Скотт Бессент Оқ уйда жанжаллашиб қолди