
Покистон мудофаа вазирлиги Ҳиндистон билан уруш қилишга тайёр эканлигини очиқ эълон қилди. Бу ҳақда вазирлик ўзининг Х ижтимоий тармоғида расмий хабар жойлади.
Мазкур мурожаатда Покистон Ҳиндистоннинг маълум бир ҳудудини вайрон қилиш билан таҳдид қилди. Шу билан бирга, вазирлик ўз саҳифасига ракета учириш жараёни тасвирланган видеони ҳам жойлаштирган.
«Раҳмат, Моди (Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди назарда тутилган), сен бутун миллатимизни бирлаштирдинг. Урушни хоҳлайсанми? Покистон тайёр!», дейилади вазирликнинг баёнотида.
Покистон мудофаа вазири Хаважа Асиф ўз навбатида ушбу вазият дунё ҳамжамиятида хавотир уйғотиши кераклигини таъкидлади.
«Ҳиндистон ва Покистон каби икки ядро қуролига эга давлат ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашуви бутун дунё учун хавф солади. Бу зиддият йирик кўламли урушга айланиб кетиши мумкин», деди вазир Асиф. У шу билан бирга, мавжуд можарони музокара йўли билан ҳал қилиш мумкинлигига ҳам умид билдирди.
Низо кескинлашувининг сабаби нима эди?
Ҳиндистон ва Покистон муносабатлари шу йилнинг 22 апрелида кескин ёмонлашди. Шу куни баҳсли ҳудуд саналган Жамму ва Кашмирда террорчилар томонидан тинч аҳоли ва сайёҳларга нисбатан қонли ҳужум содир этилган. Теракт оқибатида 27 киши қурбон бўлган бўлиб, улардан 25 нафари Ҳиндистон фуқаролари эди. Ҳужум учун жавобгарликни «Кашмир Ресистанс» террорчилик гуруҳи ўз бўйнига олган.
Мазкур воқеадан сўнг Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги Покистон фуқароларидан мамлакатни тезда тарк этишни талаб қилди. Ҳиндистон ҳукумати Покистонни террорчиларни қўллаб-қувватлашда айблаб, қатор қатъий чоралар кўрди. Хусусан, икки давлат ўртасидаги Аттари чегара назорат пункти ёпилди. Шунингдек, 1960 йилда тузилган Ҳинд дарёлари сувларидан фойдаланиш тўғрисидаги келишув дарҳол тўхтатилди.
Покистон фуқаролари учун визасиз кириш тартиби бекор қилинди ва аввал берилган барча визаларнинг амал қилиш муддати тўлиқ тугатилди. Ҳиндистон ҳудудидаги покистонликларга 48 соат ичида мамлакатни тарк этиш топширилди. Бундан ташқари, Покистоннинг ҳарбий маслаҳатчиларига мамлакатни бир ҳафта муддатда тарк этиш талаби қўйилди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар