date
views 976

Кашмирда Ҳиндистон ва Покистон ўртасида қуролли тўқнашув бошланди

Кашмирда Ҳиндистон ва Покистон ўртасида қуролли тўқнашув бошланди
Бугун, 25 апрель куни Кашмир ҳудудида Ҳиндистон ва Покистон ўртасида вазият кескинлашиб, қуролли тўқнашувлар бошланди. Бу ҳақда Press Trust of India агентлиги хабар тарқатди.

Ҳозирча жабрланганлар ёки қурбонлар ҳақида расмий маълумот берилмаган бўлса-да, икки томон ҳам енгил ва оғир турдаги қуролларни ишга солиб, жанг ҳаракатларини кенгайтирмоқда.

Sky News’га интервью берган Покистон мудофаа вазири Ҳаважа Асиф, икки ядро қуролига эга давлат ўртасидаги бу каби кескин қарама-қаршилик бутун жаҳон ҳамжамиятининг жиддий хавотирларига сабаб бўлиши кераклигини урғулаган.

Ҳиндистон томонидан эса қирувчи ва радиолокацион разведка самолётлари ҳавога кўтарилгани вазият янада кескин тус олганини ҳамда ҳарбий ҳаракатлар ҳудудининг кенгаяётганини тасдиқлайди, деб хабар бермоқда маҳаллий манбалар.

Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги Кашмир можароси кўп йиллик тарихга эга бўлиб, икки давлат ушбу ҳудуд учун илгари ҳам бир неча марта тўғридан-тўғри уруш ҳолатига келган. Иккала мамлакат ҳам бугунги кунда дунёдаги энг кўп ядровий қуролга эга давлатлар қаторига киради ва ушбу можаронинг кенгайиши жаҳон миқёсида хавфли вазиятни келтириб чиқариши мумкинлигидан хавотир билдирилмоқда.

Ҳозирча ҳар икки томон ҳам халқаро ҳамжамиятга вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга тайёр эканини маълум қилган эмас. Аксинча, Кашмирда ҳарбий ҳаракатларнинг кучайиши жаҳон ОАВлари ва дипломатик доираларда жиддий ташвиш билан кузатилмоқда.

Ҳиндистон мудофаа вазирлиги ва Покистон ҳарбий кучлари матбуот хизмати ҳам вазият бўйича ҳозирча расмий баёнот беришмади. Халқаро кузатувчилар ва сиёсий таҳлилчилар эса, мазкур қарама-қаршиликни дипломатик йўл билан ҳал қилиш зарурлиги ҳақида мурожаатларни кучайтирмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Кашмирда Ҳиндистон ва Покистон ўртасида қуролли тўқнашув бошланди