
Хитой ҳукумати Жанубий Хитой денгизидаги Спратли архипелагининг баҳсли ҳудудларидан бири бўлган Сэнди-Кей номли кичик оролни ўз ҳудуди деб расман эълон қилди. Бу ҳақда ХХР марказий телевидениеси маълум қилди.
Спратли архипелаги анчадан бери Хитой, Филиппин, Ветнам, Тайван, Малайзия ва Бруней давлатлари ўртасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келади. Эндиликда Пекин биринчи марта ушбу ҳудудлардан бирини расман эгаллашга киришди.
Хабар қилинишича, Хитой соҳил хавфсизлик хизмати Сэнди-Кей оролига мамлакатнинг миллий байроғини ўрнатиб, бу жараённи фото ва видеога туширган. ХХР бу ҳаракатни «ўз суверенитетини тасдиқлаш ва Филиппин томонининг noqonунний ҳаракатлари ҳақида видеодалиллар йиғиш мақсадида амалга оширилган» деб изоҳламоқда.

Сэнди-Кей оролининг майдони атиги 200 квадрат метрдан бироз каттароқ бўлиб, асосан қумликдан иборат. Бироқ халқаро қонунларга кўра, бундай кичик ороллар атрофида 22 километрлик ҳудудий сувлар ҳудудини эгаллашга имконият беради. Ушбу ҳудудга эса Филиппиннинг энг муҳим стратегик нуқтаси – Титу ороли ҳам киради. Филиппин ҳукумати ушбу оролда 2023 йилдан бери асосий ҳарбий базаларидан бирини бошқариб келади ва ҳозирги вақтда унинг инфратузилмаси ва учиш-қўниш йўлаклари модернизация қилинмоқда.
Шу билан бирга, Филиппин денгиз хавфсизлиги бошқармаси ходими таъкидлаганидек, Хитойнинг соҳил хавфсизлик хизмати ходимлари байроқ ўрнатиб, тасвирга олиш ишларини якунлагандан сўнг ҳудудни тарк этган. Ҳозирча оролда Хитойнинг доимий иштироки кузатилмаган.

Бу воқеа 28 апрел куни Спратли архипелаги яқинида бошланадиган кенг кўламли Филиппин ва АҚШнинг қўшма ҳарбий машғулотлари арафасида содир бўлди. Машғулотлар давомида Филиппин ва америкалик ҳарбийлар соҳил мудофааси ва оролни эгаллаш бўйича манёврлар амалга ошириши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Жанубий Хитой денгизидаги баҳсли ороллар билан боғлиқ низолар Иккинчи жаҳон урушидан кейин бошланган. Ўша вақтда Япония бу ҳудудлар устидан назоратни йўқотган ва бир нечта давлатлар оролларга ўз даъволарини билдиришган. Ҳозирда эса Спратли архипелаги халқаро муносабатларда кескинлик ўчоғига айланган ҳолда қолмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар