
Ҳиндистон ҳукумати Кашмирдаги террорчилик ҳужумларига алоқадорликда гумон қилинган шахсларга тегишли бўлган камида 10 та уйни вайрон қилди. Бу ҳақда BBC ахборот агентлиги хабар берди.
Терроризмда айбланаётганларга қарашли уйларни бузиш 29 апрель куни махсус кучлар томонидан намойишкорона тарзда бошланган. Шу билан бирга, маҳаллий ҳокимият бу ҳаракатларни расман Байсарон водийсидаги теракт билан боғлашдан ўзини тиймоқда. Аммо террорчиликка қарши бошланган рейдлар доирасида ҳозиргача 1500 дан ортиқ одам қўлга олинган.
Шунингдек, бугун Покистон Мудофаа вазири Хаважа Осиф жуда жиддий баёнот билан чиқиш қилди. Унинг сўзларига кўра, Ҳиндистоннинг Покистон ҳудудига ҳарбий бостириб кириши «энди муқаррар бўлиб қолди». Покистонлик вазир мамлакат бу борада олдиндан чоралар кўраётганини ва ҳамкор давлатлар билан маслаҳатлашувлар олиб бораётганини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, 22 апрель куни Кашмирдаги Байсарон водийсида жангарилар сайёҳларга қарши қуролли ҳужум уюштирган эди. Ушбу мудҳиш ҳодиса натижасида Ҳиндистоннинг 25 нафар фуқароси ва бир нафар Непаллик ҳалок бўлди. Ҳужум учун масъулиятни Покистонда фаолият олиб борувчи ва Ҳиндистон назоратидаги Кашмир ҳудудида ҳаракат қилувчи “Лашкар-и-Тойба” ташкилоти билан боғлиқ бўлган «Қаршилик фронти» гуруҳи ўз зиммасига олган. Мазкур ташкилот Покистонда ҳам, Ҳиндистонда ҳам расман тақиқланган. Аммо Ҳиндистон ҳукумати бу террорчи гуруҳни Покистон расмийлари қўллаб-қувватлаганликда айбламоқда.
Терактдан кейин икки давлат ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашди ва бир қатор чекловлар жорий қилинди. Ҳиндистон ва Покистон ўзаро визаларни бекор қилди, дипломатик ваколатхоналардаги ходимлар сони камайтирилди. Ҳиндистон эса 1960 йилда имзоланган “Ҳинд сувлари” шартномасини ҳам бир томонлама тўхтатиб қўйди. Жавоб тариқасида Покистон ўз ҳаво ҳудудини Ҳиндистон авиакомпаниялари учун ёпиб қўйди.
Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар таранглашиб бораётган бир пайтда, икки давлатнинг ядровий қуролга эга эканлиги дунё жамоатчилигида жиддий хавотирларни келтириб чиқармоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар