date
views 64

Трамп Канада бош вазири Марк Карнини сайловлардаги ғалабаси билан табриклади

Трамп Канада бош вазири Марк Карнини сайловлардаги ғалабаси билан табриклади
АҚШ президенти Доналд Трамп Канада бош вазири Марк Карни билан телефон орқали мулоқот қилиб, уни мамлакатда бўлиб ўтган навбатдан ташқари парламент сайловларида Либерал партиянинг ғалабаси билан самимий табриклади. Бу ҳақда 29 апрель, сешанба куни Канада бош вазирининг матбуот хизмати хабар тарқатди.

Расмий баёнотда таъкидланишича, икки давлат раҳбарлари суҳбат давомида АҚШ ва Канада ўртасидаги муносабатларнинг «мустақил ва суверен давлатлар» сифатида янада мустаҳкамланиши муҳим аҳамият касб этишини қайд этдилар. Шундан келиб чиқиб, Трамп ва Карни яқин орада шахсий учрашув ўтказиш истагини билдирганлар.

Канадада 28 апрель куни навбатдан ташқари парламент сайловлари ўтказилган эди. Бу жараён АҚШ билан муносабатларнинг ёмонлашуви, жумладан, Вашингтоннинг Канада экспорт товарларига юқори божхоналар жорий этиши ва Трампнинг Канадага нисбатан «АҚШнинг 51-штатига айлантириш» таҳдиди фонида кечгани маълум қилинган.

Марк Карни ўз партиясининг ғалабаси муносабати билан қилган чиқишида, АҚШнинг агрессив сиёсатини қатъий равишда рад этиш ва бу йўналишда кескин позицияни сақлаб қолишга ваъда берди.

Овозларнинг 99,9 фоизи ҳисоблаб чиқилганидан сўнг, Канада Либерал партияси парламентдаги 169 та ўринга эгалик қилди. Бу натижа парламентда мутлақ кўпчиликни (172 ўрин) олиш учун жуда яқин бўлганини кўрсатади. Шу билан бирга, Пер Пуальевр раҳбарлигидаги мухолифатдаги Консерватив партия эса парламентнинг 144 та ўрнига эгалик қиладиган бўлди.

Шунингдек, Марк Карнини сайловлардаги ғалаба муносабати билан дунё етакчилари ҳам табриклади. Хусусан, 30 апрель куни эрталаб Франция президенти Эммануэл Макрон, Буюк Британия бош вазири Кир Стармер, Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен ҳамда БМТ бош котиби Антонио Гутерриш Карнига ўз табрикларини йўллашди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трамп Канада бош вазири Марк Карнини сайловлардаги ғалабаси билан табриклади