date
views 102

НАТО разведкаси: Россия армиясига ҳар ой 30-40 минг киши ёлланмоқда

НАТО разведкаси: Россия армиясига ҳар ой 30-40 минг киши ёлланмоқда
Фото: ТАСС
Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган шахсларга берилаётган бонуслар ва кучли ҳарбий тарғибот олиб борилиши туфайли РФ ҳукумати урушга аскар ёллаш суръатларини сезиларли даражада оширди. Бу ҳақда разведка маълумотларидан хабардор Америка ва Европа амалдорларига таяниб, The Wall Street Journal хабар берди.

Ҳисоб-китобларига кўра, ҳозир Россия армияси ҳар ойда тахминан 30 минг янги аскар жалб қиляпти — бу ўтган ёзга қараганда 5 минг кишига кўпроқ. Европа томони маълумотларида келтирилишича, ушбу кўрсаткич ҳатто 40 минг кишигача етиши мумкин. Бу эса Кремлга нафақат Украинадаги йўқотишлар ўрнини тўлдириш, балки Россия ҳудудида жойлаштирилган янги ҳарбий бўлинмаларни шакллантириш имконини ҳам беради.

Германиядаги Халқаро хавфсизлик масалалари институтининг илмий ходими Янис Клюге Россия Молия вазирлиги маълумотларига асосланиб амалга оширган ҳисоб-китобларга кўра, Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган ҳарбийларга тўланадиган бир марталик бонуслар Россия бюджети учун кунига қарийб 2 миллиард рублга тушмоқда.

Ушбу харажатларнинг тахминан 75 фоизини (1,5 млрд рубль) минтақавий ҳокимиятлар тўлаяпти — улар ўз бюджетларининг деярли 3 фоизини Москва томонидан белгиланган режа асосида янги ҳарбийларни ёллашга сарфламоқда. Қолган ярим миллиард рубл эса федерал бюджетдан молиялаштирилмоқда.

Қайд этилишича, «ёллов машинаси» харажатлари 2024 йил апрелига нисбатан деярли 5 баравар ошган. Агар ҳозирги суръат сақланса, йил охирига келиб ушбу харажатлар Россия бюджетига 730 миллиард рублга тушади. Бу эса мамлакатдаги бутун олий таълим тизими йиллик бюджетининг ярмига (1,5 триллион рубль) тенг ва 2025 йил учун соғлиқни сақлаш миллий лойиҳасига ажратилган маблағдан (369 миллиард рубль) икки баравар кўп.

Ўтган йили Россия Мудофаа вазирлиги Украина урушига 440 минг — кунига ўртача 1,2 минг кишини ёллашга муваффақ бўлган. Шундан сўнг шартнома учун тўланадиган бонуслар яна оширилган ва айрим ҳудудларда бу сумма 20 минг долларгача етган. Бу эса аксарият россияликларнинг йиллик даромадидан ҳам кўп.

Америкалик Урушни ўрганиш институтининг (ISW) Россия бўйича етакчи эксперти Жорж Барроснинг фикрича, ҳозирги йўқотиш даражаси ҳисобга олинган тақдирда ҳам Кремл яна 12–16 ой давомида армияни ушлаб тура олади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » НАТО разведкаси: Россия армиясига ҳар ой 30-40 минг киши ёлланмоқда