
Техас штатида жуда ҳам ғайриоддий йўл-транспорт ҳодисаси юз берди — зирҳланган юк машинаси ағдарилиб кетди ва саккиз миллион дона 10 центлик тангалар трасса бўйлаб сочилиб кетди, деб New York Post хабар берди.
Йўл ҳодисаси 29 апрель куни тонгда, соат 05:15 атрофида Техаснинг Алворд шаҳри яқинида содир бўлган. АҚШ зарбхонасига тегишли юк машинаси 36 тоннадан зиёд бўлган янги зарб қилинган тангаларни олиб кетаётгани маълум қилинди.
Техас Жамоат хавфсизлиги департаменти вакили, сержант Хосуэ Де Ла Серда таъкидлашича, ҳайдовчи бурилиш пайтида машина бошқарувини йўқотиб, йўлдан чиқиб кетган ва агрегат ағдарилиб тушган.
Ҳодиса натижасида ҳайдовчи ва унинг ҳамроҳи енгил тан жароҳати олган. Уларнинг ҳолати оғир бўлмагани сабаб шифохонадан тезда жавоб беришган. Аммо кўчада сочилиб кетган миллионлаб тангалар сабабли трасса 14 соатга ёпилди.
Йўлни тозалашга жалб этилган махсус техникалар орасида қанализация тозалашда ишлатиладиган вакуум машиналар ҳам бўлган. Айрим ишчилар эса тангаларни қўлда ёки оддий белкураклар билан йиғишга мажбур бўлишган.
Зирҳланган юк машинаси банклар ва давлат идоралари учун юк етказиб бериш билан шуғулланувчи компанияга тегишли бўлган. Ушбу компания сайтида таъкидланишича, бундай машиналар нафақат зирҳланган, балки уларга қуролланган қўриқчилар ҳамроҳлик қилади.
Авариядан сўнг шаҳарда “8 миллион доллар сочилиб кетган” деган миш-мишлар тарқалди. Аммо расмий маълумотларга кўра, тангаларнинг умумий қиймати тахминан 800 минг долларни ташкил этган.
Ушбу воқеа нафақат ҳайдовчи ва қўриқчилар, балки бутун шаҳар аҳли учун кутилмаган воқеликка айланди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар