
АҚШ ҳукумати мудофаа ва миллий хавфсизлик харажатларини рекорд даражада оширишни режалаштирмоқда. Президент Доналд Трамп Конгрессга тақдим этаётган 2026 молиявий йили бюджети лойиҳасига кўра, мамлакат мудофааси учун ажратиладиган маблағлар миқдори 1,01 триллион долларни ташкил этади. Бу жорий йилга қараганда 13 фоизга кўпроқдир, дея хабар тарқатди Bloomberg агентлиги 2 май куни Оқ уйда тайёрланаётган бюджет лойиҳаси билан таниш бўлган манбага асосланиб.
Манбанинг таъкидлашича, АҚШ мудофаа харажатлари ўсишини 1980 йилларда президент Роналд Рейганнинг «Юлдузлар уруши» дастури ва Европага ядровий ракеталар жойлаштириши билан солиштириш мумкин. Янги бюджет лойиҳасига кўра, Пентагоннинг ўз бюджет маблағи 961 миллиард долларни ташкил этади. Бу кўрсаткич жорий йилга нисбатан 112,7 миллиард долларга кўп, собиқ президент Жо Байден маъмуриятининг 2026 йил учун режалаштирган бюджетидан эса 84,2 миллиард долларга кўпдир.
АҚШ мудофаа бюджети тарихда илк бор 1 триллион долларлик чегарани ошиб ўтиши кутилмоқда. Bloomberg нашрининг таъкидлашича, бу кўрсаткич АҚШ Конгрессини ҳайратда қолдириши мумкин. Трампнинг бюджет режасига «Олтин гумбаз» номли ракетага қарши янги мудофаа тизимини яратиш, янги ҳарбий кемалар қуриш, мамлакат ядровий триадасини модернизация қилиш ва ҳарбий хизматчиларнинг маошини 3,8 фоизга ошириш киритилган.
Шу билан бирга, Трамп маҳаллий фуқаролик лойиҳалари учун ажратиладиган маблағларни жорий йилдаги бюджетга нисбатан 22,6 фоизга ёки 163 миллиард долларга қисқартиришни таклиф қилмоқда. Бу қисқартиришлар қайта тикланувчи энергия манбалари, атроф-муҳит муҳофазаси, ирқий тенгсизликни бартараф этиш дастурлари, шунингдек, Миллий фан жамғармаси, Таълим департаменти ҳамда Уй-жой ва шаҳарсозлик департаменти доирасидаги илмий тадқиқотларни тўлиқ қисқартириш ёки умуман тўхтатишни ўз ичига олади.
Трамп маъмуриятининг мудофаа бюджетига ажратаётган ушбу рекорд маблағи мамлакат хавфсизлигини янада кучайтириш билан бир қаторда, ички дастурларга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги қайд этилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар