date
views 3 244

Хитойдаги тўғон Ернинг айланишини секинлаштирди – NASA

Хитойдаги тўғон Ернинг айланишини секинлаштирди – NASA
Хитойнинг Хубей провинциясида жойлашган ва дунёдаги энг катта гидроэлектростанция бўлган «Уч дара» тўғони Ернинг айланиш тезлигига таъсир кўрсатиб, кун узоқлигини чўзгани маълум бўлди. Бу ҳақда NASA олимлари баёнот беришди.

Янцзи дарёси устида қурилган мазкур улкан иншоот 2012 йилда ишга туширилган бўлиб, унинг узунлиги 2335 метр, баландлиги эса 185 метрга тенг. Тўғон сув омборида қарийб 40 куб километр сув сақланади, бу эса 38 триллион литр дегани. Бундай ҳажмдаги сув денгиз сатҳидан 175 метр баландликда жойлаштирилган.

NASA вакили доктор Бенжамин Фонг Чаонинг таъкидлашича, тўғон таъсирида Ер сайёрасидаги масса тақсимоти ўзгарган ва бу ўз навбатида, сайёранинг айланишини секинлаштириб, кунни 0,06 микросекундга узайтирган. Шунингдек, Ер ўқининг ҳолати ҳам 2 сантиметрга силжиган. Гарчи ўзгаришлар жуда кичик бўлса-да, замонавий қурилмалар уларни аниқлашга қодир.

Бу каби глобал миқёсдаги таъсирни кўрсатган «Уч дара» тўғони ер юзида қурилган энг йирик муҳандислик мўъжизаларидан бири ҳисобланади ва унинг атроф-муҳитга таъсири муҳокама қилинмоқда. NASA'нинг бу маълумоти жамоатчилик эътиборини янада орттирди.

Хитойлик олимлар эса мазкур иншоот минтақанинг энергия таъминотида муҳим аҳамият касб этишини ва миллионлаб инсонлар ҳаётини яхшилаганини таъкидлашмоқда. Аммо атроф-муҳит ҳимоячилари тўғоннинг табиатга узоқ муддатли таъсири ҳақида хавотирларини билдиришда давом этишмоқда.

Дунёдаги энг йирик гидроэлектростанция Ер сайёрасига қандай таъсир кўрсатганига гувоҳ бўлиш жуда ажойиб ва ўйлантирарлидир. Бундай қурилишлар келгусида яна қандай ўзгаришларни келтириб чиқариши мумкинлигини вақт кўрсатади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитойдаги тўғон Ернинг айланишини секинлаштирди – NASA