date
views 20

Қозоғистон хорижлик инвесторлар учун "олтин виза" дастурини ишга туширди

Қозоғистон хорижлик инвесторлар учун "олтин виза" дастурини ишга туширди
Қозоғистон Республикаси хорижлик инвесторларни жалб қилиш ва мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида "олтин виза" номли янги дастурни жорий қилди. Бу ҳақида мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги расмий баёнот берди.

Янги тартибга кўра, энди чет эл фуқаролари Қозоғистон ҳудудидаги компаниялар устав капиталига ёки маҳаллий эмиссиявий қимматли қоғозларга камида 300 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш орқали мазкур визани олиш имкониятига эга бўлади. Мазкур виза эвазига улар Қозоғистонда 10 йилгача яшаш ҳуқуқига эга бўладилар.

Ушбу ташаббуснинг асосий мақсади – хорижий инвестициялар учун қулай, ишончли ва шаффоф муҳит яратиш, шу орқали мамлакат иқтисодиётига қўшимча сармоя киритиш ҳамда республикада инвестиция муҳитига бўлган ишончни мустаҳкамлашдир. Қайд этилишича, Қозоғистон ушбу янгиликни жорий қилиш орқали АҚШ, Европа иттифоқи ва БАА каби давлатлардан тажриба олган ҳолда ўз иқтисодий тараққиётини янада тезлаштиришни кўзламоқда.

Ташқи ишлар вазирлиги мазкур янгилик мамлакатнинг очиқлик, сармояни ҳимоя қилиш ва барқарор халқаро иқтисодий муносабатларни янада мустаҳкамлашга қаратилган стратегик қадам эканлигини таъкидлади.

"Олтин виза" дастури 30 апрел куни расман эълон қилинди ва жорий йилнинг 10 майидан бошлаб амалиётга татбиқ этилиши режалаштирилган.

Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистонда ҳам шу каби таклиф жорий қилинмоқда. Унга кўра, хорижликлар мамлакат иқтисодиётига камида 200 минг АҚШ доллари сармоя киритиш орқали 5 йилгача Ўзбекистонда яшаш ҳуқуқига эга бўлишлари мумкин. Бу тартиб Ўзбекистонда шу йилнинг 1 июнидан бошлаб кучга кириши кутилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қозоғистон хорижлик инвесторлар учун "олтин виза" дастурини ишга туширди