
Германиянинг етакчи сиёсий кучларидан бири бўлган CDU/CSU консерватив блоки раҳбари Фридрих Мерц мамлакат канцлери бўлиш учун зарур бўлган овозларнинг керакли миқдорини тўплай олмади. Бундестагда бўлиб ўтган овоз бериш жараёнида депутатлар ўртасида кескин рақобат кузатилди.
Биринчи овоз бериш натижасига кўра, Мерц номзодини 310 нафар депутат қўллаб-қувватлади, 307 депутат эса унинг номзодига қарши овоз берди. Германия Федерал канцлери лавозимига сайланиш учун эса, депутатларнинг мутлақ кўпчилиги — 316 овоз зарур эди. Шу тариқа, Мерц бу маррадан атиги 6 овоз кам йиғди ва натижада биринчи босқичда канцлер этиб сайлана олмади.
Эндиликда, Германия парламенти икки ҳафта ичида навбатдаги овоз бериш жараёнини ўтказишга мажбур. Бу жараённинг ўзи эса бир неча марта такрорланиши мумкин, чунки овоз беришлар сони чекланмаган. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам, якуний ғолиб бўлиш учун 316 овоздан иборат кўпчиликни қўлга киритиш шарт.
Агар икки ҳафта давомида ўтадиган навбатдаги овоз бериш жараёнларида ҳам Фридрих Мерц ёки бошқа бирор номзод зарур овозларни йиғолмаса, Германия Бундестаги яна бир, яъни ҳал қилувчи босқичга ўтади. Агар ушбу босқичда ҳам бирон номзод 316 овоз йиғишга муваффақ бўлмаса, Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер ушбу вазиятга шахсан аралашишига тўғри келади.
Германия қонунчилигига кўра, президент Штайнмайер бу босқичда энг кўп овоз олган номзодни канцлер этиб тайинлаши ёки Бундестагни тарқатиб, муддатидан олдин янги парламент сайловларини ўтказишга қарор қилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойи охирида бўлиб ўтган парламент сайловларида CDU/CSU (Христиан Демократик Иттифоқ/Христиан Социал Иттифоқ) консерватив блоки энг кўп овоз билан биринчи ўринни эгаллаган эди. Бу сайлов натижалари блок етакчиси Фридрих Мерцнинг канцлерлик учун асосий номзод сифатида кўрилишига сабаб бўлганди.
69 ёшли сиёсатчи Фридрих Мерц бу лавозимга сайланса, Германиянинг ички ва ташқи сиёсатида муҳим ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда эди. Аммо ҳозирги вазиятга қараганда, мамлакатдаги сиёсий номаълумлик янада кучайиши эҳтимоли юқори.
Экспертларнинг таъкидлашича, Германия парламентидаги мавжуд инқироз ва сиёсий рақобат келажакдаги ҳукумат барқарорлиги учун жиддий таҳдид туғдириши мумкин. Шунингдек, мазкур вазият мамлакат иқтисодиёти ва жаҳон майдонидаги нуфузига ҳам таъсир қилиши эҳтимоли бор.
Энди Германиядаги сиёсий жараёнлар, хусусан, Фридрих Мерцнинг келгуси тақдири ва канцлерлик масаласи қандай якунланиши мамлакат аҳолиси ҳамда бутун Европа томонидан қизиқиш билан кузатиб борилмоқда.
Германия СиёсиФридрих МерцПарламент ОвозлариCDU/CSU БлокиКанцлерлик МасаласиСиёсий Инқироз Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар