
АҚШда жосуслик фаолияти билан боғлиқ муҳим суд иши ўз якунига етди. Калифорния округ суди WhatsApp мессенжери ва унинг эгаси Meta компанияси фойдаланувчилари хавфсизлигига таҳдид солган Pegasus дастурини ишлаб чиқарган Исроилнинг NSO Group компаниясини жавобгар деб топди ва унга 170 миллион долларга яқин товон тўлаш мажбуриятини юклади. Бу ҳақда Politico нашри маълум қилди.
Мазкур суд иши 2019 йил октябрда бошланган бўлиб, айнан ўша йили NSO Group томонидан WhatsApp’даги заифликлар орқали 1,4 мингдан зиёд смартфонларга Pegasus жосуслик дастури ёйилгани аниқланган. Бу қурилмалар орасида журналистлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, шунингдек, Баҳрайн, БАА ва Мексика каби давлатлар дипломатларининг телефони ҳам бўлган.
Meta’нинг расмий маълумотида таъкидланишича, суд қарори компаниянинг хавфсизлик бўйича қилган ҳаракатлари самараси бўлиб, энди NSO Group WhatsApp’га ҳар қандай кўринишдаги ҳужумларни амалга оширишдан четлаштирилади. Шунингдек, Meta NSO Group томонидан тўланадиган маблағларни рақамли ҳуқуқлар ва шахсий маълумотларни ҳимоя қиладиган халқаро ташкилотларга йўналтиради.
NSO Group томонидан эса Pegasus дастурига бўлган танқидларга раддия берилди. Компания вакилларининг таъкидлашича, дастур фақат терроризм ва оғир жиноятларнинг олдини олиш мақсадида давлат ҳукуматлари томонидан масъулият билан қўлланилади. Улар Pegasus’ни хусусий фойдаланувчиларга эмас, балки фақат ҳукумат органларига сотишини ва ҳар қандай қўпол суиистеъмолга қарши курашишга тайёр эканликларини таъкидлашди.
Pegasus дастури 2021 йилда энг шов-шувли ахборот хавфсизлиги мавзуларидан бирига айланган эди. Маълум бўлишича, дастур телефондордаги барча маълумотларга тўлиқ етишиш имконини берган, шу жумладан суҳбатлар, хабарлар, камера, микрофон ва геолокация маълумотлари каби ҳимояланган функциялар ҳам назоратга олинган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил апрелида Испаниядаги Pegasus билан боғлиқ иш қайта очилган ва тергов органлари томонидан Исроил NSO Group дастуридан фойдаланиб, мамлакат Бош вазири Педро Санчес ҳамда бир неча юқори мартабали расмийларнинг телефонлари кузатилгани ҳақида тергов ишлари олиб борилмоқда.
Бу воқеа NSO Group атрофидаги халқаро танқидларни янада кучайтириб, жосуслик технологияларининг чегарасиз қўлланилиши хусусида жиддий хавотир уйғотмоқда. Шу билан бирга, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва рақамли ҳуқуқлар учун курашиш масалалари халқаро кун тартибида янада муҳим ўрин эгаллаб бораётгани кўринмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар