date
views 28

30 кунлик сулҳ: Украина тинчликка тайёр, Россия эса кафолат талаб қилмоқда

30 кунлик сулҳ: Украина тинчликка тайёр, Россия эса кафолат талаб қилмоқда
Украина ва Россия ўртасида давом этаётган қуролли зиддиятни тинч йўл билан ҳал қилиш умидлари яна пайдо бўлди. АҚШ президентининг махсус вакили Кит Келлогга кўра, 30 кун давом этадиган кенг қамровли ва шартсиз ўт очишни тўхтатиш келишуви икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий ҳаракатларга барҳам бериш жараёнининг бошланиши бўлиши мумкин.

АҚШнинг махсус вакили ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида шундай ёзди:
«АҚШ президенти бир неча бор айтганидек, бу қотилликларни тўхтатинг – ҳозироқ! Бу йўлда 30 кунлик тўлиқ ва кенг қамровли ўт очишни тўхтатиш жуда муҳим аҳамиятга эга».

Украина Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Андрей Сибига ҳам Киевнинг бундай тинчлик ташаббусини амалга оширишга тайёрлигини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Украина томони 12 май кунидан бошлаб қуруқлик, денгиз ва ҳавода 30 кун муддатга тўлиқ, шартсиз ва сўзсиз ўт очишни тўхтатишга рози.

«Агар Россия Федерацияси ҳам бунга рози бўлса ва халқаро ҳамжамият томонидан самарали мониторинг ўтказилиши кафолатланса, бу ишончни мустаҳкамлаш ва узоқ муддатли тинчлик музокараларига йўл очиши мумкин», — дея ёзди Украина дипломати ўзининг Telegram каналида.

Россия томони эса бу таклифга нисбатан ўз шартини илгари сурмоқда. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, агар ўт очишни тўхтатиш ҳақида келишувга эришилса, АҚШ ва Европа мамлакатлари Украинага қурол-аслаҳа етказиб беришни тўлиқ тўхтатиши лозим.

«Агар бу амалга оширилмаса, ўт очишни тўхтатиш фақат Украина томони учун фойдали бўлиб қолади. Украина бу ҳолатдан жами сафарбарликни кучайтириш, янги қўшинларни фронт чизиғига жойлаштириш ва ҳозирги ҳарбийларни дам олдириш учун фойдаланиши мумкин. Биз нима учун бундай вазиятда Украинага қўшимча устунлик бериб қўйишимиз керак?», — деди Песков журналистларга берган интервьюсида.

Шу тариқа, Украина ва Россия ўртасида тинчликнинг амалга ошиши йўлида муҳим қадам ташланиши мумкин. Бироқ бунинг учун томонлар ўз шароитларида келишувга эришиши ва халқаро кузатувчи ташкилотлар томонидан самарали назорат таъминланиши зарур.

Ҳозирча халқаро ҳамжамият бу муросани амалга оширишда фаол иштирок этиши кутилаяпти. Бунинг натижасида узоқ муддатли тинчлик ва дипломатик музокаралар учун муҳим имконият яратилиши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » 30 кунлик сулҳ: Украина тинчликка тайёр, Россия эса кафолат талаб қилмоқда