
Дональд Трамп АҚШ президенти лавозимини эгаллаганидан буён мамлакатнинг халқаро майдондаги мавқеи сезиларли даражада пасайиб бормоқда. Бу ҳақда Politico нашри 2025 йилда ўтказилган “Демократияни идрок этиш индекси” (DPI) натижаларига асосланиб хабар берди.
Ушбу тадқиқот 100 дан ортиқ мамлакатдан 110 мингдан зиёд инсонлар иштирокида ўтказилган бўлиб, улар демократия, глобал сиёсат, геосиёсий вазият ва етакчи давлатлар таъсирини қандай идрок этишларини баҳолаганлар.
Сўров натижаларига кўра, дунё аҳолисининг кўпчилик қисми АҚШ ҳақида салбий фикрга эга эканини билдирди. Бунда, айниқса, Европа Иттифоқи мамлакатлари аҳолиси орасида АҚШга нисбатан салбий муносабат кескин ошиб кетгани кузатилди.
НАТО собиқ бош котиби ва тадқиқот муаллифларидан бири Андерс Фог Расмуссен бу борадаги вазиятдан ҳайратда эмаслигини алоҳида қайд этди:
«Қўшма Штатларга нисбатан дунёдаги тасаввурларнинг бундай кескин пасайиши кутилмаган ҳодиса эмас. Сўнгги йилларда АҚШнинг ташқи сиёсати, дипломатик муносабатлар ва халқаро келишувлардаги позициялари бошқа мамлакатларда кўплаб саволларни туғдирмоқда», — дейди Расмуссен.
Тадқиқотнинг яна бир қизиқарли натижаси — Хитой биринчи марта глобал миқёсдаги обрў бўйича АҚШдан ўзиб кетгани бўлди. Респондентларнинг жавобларига кўра, ХХР халқаро муносабатларда ишончли ҳамкор ва барқарор сиёсат юритувчи давлат сифатида қабул қилина бошлаган.
Шу билан бирга, Россия ҳам ўз халқаро позициясини мустаҳкамлашда давом этмоқда. Бу мамлакат президенти Владимир Путиннинг сиёсатини тадқиқот қатнашчиларининг 32 фоизи ижобий баҳолади. Таъкидлаш жоизки, бу кўрсаткич Хитой раҳбари Си Цзиньпинни қўллаб-қувватлаш даражаси билан тенглашган.
Шу ўринда Дональд Трампнинг сиёсатини ижобий баҳолаганлар сони бор-йўғи 27 фоизни ташкил этди ва бу АҚШ раҳбарининг обрўси пасайиб кетаётганини яна бир бор тасдиқламоқда.
Халқаро сиёсатдаги экспертлар фикрича, АҚШнинг обрўсининг тушиб кетишига Трампнинг ташқи сиёсатдаги кескин баёнотлари, бир қатор халқаро шартномалардан чиқиб кетиши ва дипломатик мулоқотлардаги зиддиятли позицияси сабаб бўлмоқда.
Zamin.uz таҳририяти глобал сиёсий вазиятни диққат билан кузатиб бориб, муҳим янгиликлар ҳақида тезкор маълумот беришда давом этади. Биз билан қолинг! «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар