date
views 26

Авиарейсга қўйилмаган талаба «Аэрофлот»дан зарар учун компенсация ундирди

Авиарейсга қўйилмаган талаба «Аэрофлот»дан зарар учун компенсация ундирди
Санкт-Петербург шаҳрида истиқомат қилувчи талабанинг «Аэрофлот» авиакомпаниясига қарши даъвоси судда кўриб чиқилиб, унинг фойдасига қарор чиқарилди. Бу ҳақда шаҳар судлари бирлашган матбуот хизмати маълум қилди.

Ҳодиса Санкт-Петербург—Истанбул йўналиши бўйича амалга оширилиши керак бўлган авиарейс билан боғлиқ. Роберт Пучков исмли йигит Туркияга йўл олиш учун ушбу авиарейсга ўз вақтида етиб келганига қарамай, авиакомпания ходимлари уни самолётга чиқаришдан бош тортган. Улар бу қарорни талаба Туркияга кириш учун зарур бўлган ҳужжатларга эга эмаслиги билан изоҳлаган.

Аммо талабанинг айтишича, у паспорти ва талабаларга мўлжалланган яшаш гувоҳномасини тақдим этган, шунингдек, Туркияга имтиҳон топшириш учун кетаётганини ҳам маълум қилган. Барча зарурий ҳужжатларнинг мавжудлигига қарамасдан, «Аэрофлот» уни бориши керак бўлган манзилга етказиб қўйишни рад этган.

Бундай вазиятда талабага шошилинч равишда бошқа маршрут билан чипта сотиб олишга тўғри келган. У Санкт-Петербург—Дубай—Истанбул йўналиши бўйича янги авиачипта олиб, натижада, манзилга етиб борган. Аммо бу ортиқча вақт ва харажатларга сабаб бўлган.

Шу сабабдан Роберт Пучков авиакомпанияга қарши моддий ва маънавий зарарни қоплаш талаби билан судга мурожаат қилди. У ўз даъвосида 121 минг рубл (тахминан 1500 АҚШ доллари) компенсация тўлашни талаб қилган. Бу суммага тўғридан-тўғри рейс учун сотиб олинган чипта нархи, қўшимча харид қилинган бошқа йўналишдаги чипта харажатлари, такси хизмати учун қилинган тўловлар ҳамда маънавий зарар кирар эди.

Суд талабанинг даъвосини қисман қондириб, Пучковнинг фойдасига авиачипта учун 34,7 минг рубл, қўшимча харажатлар учун жами 68,9 минг рубл, маънавий зарар учун эса 5 минг рубл миқдорида пул ундириш ҳақида қарор чиқарган. Бундан ташқари, «Аэрофлот» авиакомпанияси 54 минг рубл жарима тўлаши лозим деб топилган.

Ушбу воқеа жамоатчилик эътиборини жалб қилиб, авиаташувчилар томонидан йўловчилар ҳуқуқларига риоя этилиши муҳим эканлигини яна бир бор кўрсатди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Авиарейсга қўйилмаган талаба «Аэрофлот»дан зарар учун компенсация ундирди