Аэрофлот илк бор Россияда Boeing 777 самолётини қайта бўяди

«Аэрофлот» авиакомпанияси илк бор кенг фюзеляжли Boeing 777-300EР самолётини Россиядаги маҳаллий корхона базасида қайта бўяди. Мазкур ишлар Уляновскдаги «Спектр Авиа» компанияси базасида амалга оширилди ва жами 17 кун давом этди. Бу ҳақда авиакомпания матбуот хизматининг расмий Telegram-канали хабар берди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Компания мутахассисларининг тушунтиришича, лак-бўёқ қопламасини янгилаш самолётнинг ташқи кўринишини сақлаш ҳамда ҳарорат ўзгариши, ёғингарчилик ва турли реагентлар каби ноқулай иқлим шароитларидан ҳимоя қилиш учун зарурдир. Одатда ҳаво кемаларини қайта бўяш ҳар 6–10 йилда бир марта амалга оширилади.
Жараён давомида эски қоплама тўлиқ олиб ташланади, коррозияга қарши инспекция ўтказилади, сўнгра янги грунт ва бўёқ қатлами суртилади. Ишлар якунлангач, самолётнинг янгиланган массаси ва марказлашувини ҳисоблаш учун у қайта тортиб кўрилади. Бунинг учун лайнердан ёқилғи ва сув тўкиб ташланади, борт журналлари, йўриқномалар ва маиший анжомлар олиб чиқилади.
2023-йилдан буён «Аэрофлот» жами 31 та ҳаво кемасини қайта бўяди, улардан 11 таси жорий йил ҳисобига тўғри келади. Бўяш ишларининг асосий қисми «Спектр Авиа» базасида бажарилган бўлса, бир нечта лайнерларнинг ливреяси Минскдаги 407-сонли заводда янгиланган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!