
14 май куни АҚШ президенти Дональд Трамп ва Суриянинг муваққат президенти Аҳмад аш-Шараъа Саудия Арабистонининг пойтахти Ар-Риёдда учрашув ўтказди. Бу ҳақда Associated Press агентлиги хабар бермоқда.
Учрашувнинг айрим тафсилотлари билан Оқ уй матбуот котиби Каролин Левитт бўлишди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ президенти учрашув давомида Сурия раҳбаридан Исроилни дипломатик жиҳатдан расман тан олишни ва мамлакат ҳудудидан барча хорижий террорчиларни чиқариб юборишни талаб қилган. Шунингдек, Дональд Трамп ИШИД террористик ташкилотининг ҳар қандай қайта тикланишига қарши курашишда АҚШ билан яқин ҳамкорлик қилишга чақирди ва Сурияни Исроил билан тарихий аҳамиятга эга бўлган Иброҳим келишувини имзолашга ундади.
Бундан ташқари, АҚШ раҳбари Сурия ҳукуматидан мамлакатда сақланаётган ИШИД жангарилари учун жавобгарликни ўз зиммасига олишни сўради. Сурия президенти Аҳмад аш-Шараъа ўз навбатида мамлакатдаги нефть ва газ саноатига америкалик инвесторларни таклиф этди ва бунинг мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш ҳамда халқаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлади. Шунингдек, Сурия президенти мамлакатнинг Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо-сотиқ алоқаларида муҳим кўприк бўлиб хизмат қилиш имконияти борлигини билдирди.

Аҳмад аш-Шараъа учрашувни ташкиллаштиришда кўрсатган саъй-ҳаракатлари учун Дональд Трампга, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмонга ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанга миннатдорчилик билдирди. Шу билан бирга, икки мамлакат терроризмга қарши курашиш ва кимёвий қуролларни йўқ қилиш бўйича умумий мақсадларга эга экани қайд этилди. Учрашувда Украинадаги уруш ва Ғазо секторидаги вазият ҳам муҳокама қилинди.
Эътиборлиси, ушбу учрашув сўнгги 25 йил давомида АҚШ ва Сурия раҳбарлари ўртасидаги биринчи тарихий мулоқот бўлди.
Трамп ва СурияАҚШ президентиАҳмад аш-ШараъаИсроилни тан олишИШИД терроризмиХалқаро ҳамкорлик Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар