
АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти томонидан амалга оширилаётган «ихтиёрий депортация» ташаббуси амалий босқичга ўтди. 19 май, душанба куни АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги тарқатган маълумотга кўра, дастур доирасидаги биринчи чартер рейс орқали Гондурас ва Колумбияга 64 нафар фуқаро қайтарилди.
Қандай амалга оширилди?
Ноқонуний мигрантлар CBP Home мобил иловасида рўйхатдан ўтиб, ҳужжатсиз ҳолда АҚШда бўлиш ўрнига мамлакатни тарк этишни танлади. Уларни Хюстондан икки босқичли чартер парвозда ватанига олиб чиқишди. Рейсда қатнашганларга бепул чипта, 1000 долларлик компенсация ва келгусида Қўшма Штатларга қонуний тартибда қайтиш имконияти берилган.
Қайтганларга қандай ёрдам берилди?
Гондурасга қайтган 38 нафар шахсга маҳаллий ҳукумат томонидан ҳар бирига 100 доллар ва озиқ-овқат талонлари тақдим этилди. Шунингдек, уларга иш топишда кўмак бериш ҳам ваъда қилинди. Колумбияга қайтиб келган 26 нафар кишига эса ижтимоий хизматлар кўрсатилгани маълум қилинди.
Маъмурият нима демоқда?
Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэмнинг таъкидлашича, бу дастур ҳужжатсиз муҳожирлар учун таъсирли мисол бўлиши керак. Унинг сўзларига кўра, “Кимки ўз хоҳиши билан кетмаса — жарима, ҳибс, депортация ва қайтишга умуман рухсат берилмаслиги” каби кескин чоралар кутиб турибди.
Zamin.uz таҳририятидан:
Бу дастур АҚШда ноқонуний миграцияни назорат қилишда янги усул сифатида баҳоланмоқда. Иқтисодий ва ижтимоий таҳлилчиларга кўра, ҳужжатсиз муҳожирларга бундай “ихтиёрий қайтиш” учун моддий рағбат таклиф этилиши қайсидир маънода икки томонлама фойда келтиради. Аммо бу сиёсат кенг қамровли таъсир қиладими — вақт кўрсатади.
АҚШ ПрезидентиДоналд ТрампИхтиёрий ДепортацияГондурас ФуқаролариКолумбия ФуқаролариИчки ХавфсизликКристи НоэмНоқонуний МиграцияИжтимоий Хизматлар Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар