date
views 116

АҚШ Россиягача етадиган баллистик ракетани синовдан ўтказди: вазият жиддийлашмоқда!

АҚШ Россиягача етадиган баллистик ракетани синовдан ўтказди: вазият жиддийлашмоқда!
Америка Қўшма Штатлари 21 май куни Калифорния штатининг Ванденберг авиабазасида Minuteman III қитъалараро баллистик ракетасининг навбатдаги режали синовини амалга оширди. Ушбу тадбир халқаро хавфсизлик бўйича вазият жиддийлашган бир пайтга тўғри келгани сабабли, кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.

Ушбу синов учирилиши мунтазам ва даврий тадбирларнинг бир қисми ҳисобланади. У Қўшма Штатларнинг ядровий тўхтатиш қуроли XXI аср таҳдидларини жиловлашда хавфсиз, ишончли ва самарали эканини намойиш этиш ҳамда иттифоқчиларимизни хотиржам қилиш мақсадида ўтказилди, дейилади хабарда.

Deutsche Welle хабарига кўра, ракета битта махсус жанговар каллак (Mark-21 High Fidelity De-Entry) билан жиҳозланган ҳолда учирилган ва тахминан 6700 километрлик масофани босиб ўтган. У Тинч океанининг марказий қисмида жойлашган махсус ракетага қарши мудофаа полигонида белгиланган нишонга аниқ тушган.

Minuteman III ракетаси 1970 йилдан бери АҚШ армиясининг ядровий стратегик қуроллари тизимида фойдаланилади. Бу ракетанинг оғирлиги тахминан 36 тонна бўлиб, унинг максимал учиш масофаси 9500 километрдан ортиқ, энг юқори тезлиги эса соатига 24 минг километрга етади. Айни пайтда АҚШ ҳар бири учтагача ядро каллаги билан жиҳозланиши мумкин бўлган 400 та шу каби ракеталарга эга.

Америка ҳарбийлари бу синов орқали ядровий қуролларининг XXI аср таҳдидларига қарши курашда хавфсиз, ишончли ва самарали эканлигини кўрсатишни, шунингдек, иттифоқчи давлатларнинг хавфсизлигига ишончини кучайтиришни мақсад қилганини маълум қилди.

Қизиғи шундаки, мазкур ракета синови Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведевнинг Ғарб давлатларига қарши кескин баёнот берганидан бир кун ўтиб амалга оширилди. Медведев Петербургдаги халқаро юридик форумдаги чиқишида Ғарб мамлакатларининг Россияга нисбатан сиёсати дунёни янги жаҳон урушига олиб бораётганини иддао қилган эди.

Шунингдек, у Киевни қўллаб-қувватлаётган мамлакатларнинг Украинага тинчлик кучлари киритиши, уларни Россия армияси учун “қонуний ҳарбий нишон”га айлантириши мумкинлиги ҳақида кескин огоҳлантирди.

Бу эса халқаро муносабатлардаги кескинлик янада кучайиб бораётганидан далолатдир. Бу вазиятда АҚШ томонидан амалга оширилган ракета синовлари ҳарбий-сиёсий муҳитда жиддий резонанс уйғотиши табиийдир.

Zamin.uz таҳририяти дунёдаги ушбу кескин вазиятни диққат билан кузатиб боради. Сиз бу синовларни қандай баҳолайсиз? АҚШ ва Россия ўртасидаги муносабатлар янада ёмонлашадими ёки вазият дипломатик йўл билан ҳал қилинадими?
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ Россиягача етадиган баллистик ракетани синовдан ўтказди: вазият жиддийлашмоқда!