
Россия Давлат Думасида муҳокамага қўйилган янги қонун лойиҳаси мамлакатдаги мигрантларга нисбатан яна бир чекловни назарда тутади. Бу галги ташаббусга кўра, чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга номига биттадан ортиқ SIM-карта расмийлаштириш тақиқланиши мумкин.
Мазкур таклифни Давлат Думасининг Меҳнат, ижтимоий сиёсат ва фахрийлар ишлари қўмитаси раиси Ярослав Нилов илгари сурди. Унинг таъкидлашича, бу чеклов мамлакат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, алоқа тизими орқали назоратни кучайтириш ва миллий манфаатларни ҳимоя қилишга хизмат қилади.
— Терроризм, жосуслик, киберфирибгарлик ва бошқа таҳдидлар ортиб бораётган шароитда SIM-карталардан фойдаланиш имкониятларини назорат қилиш муҳим, — деди Нилов.
Маълумотларга кўра, 2025 йил 1 январдан бошлаб мигрантларга 10 тадан ортиқ SIM-карта расмийлаштириш тақиқланади. Шунингдек, хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар мобил алоқа операторлари билан шартнома тузишда шахсан ҳозир бўлиб, биометрик маълумотлар тақдим этишлари талаб қилинади.
Тақиқлар фақат SIM-карта билан чегараланмайди
Депутат Ярослав Ниловнинг миграция сиёсатига доир бошқа таклифлари ҳам жамоатчилик эътиборида. У, жумладан, Россия мактабларида ўқиш учун рус тили имтиҳонидан уч марта ўта олмаган мигрант болаларни юртига қайтариш, ҳамда мигрант аёллар учун бепул туғруқни тақиқлаш таклифларини ҳам билдирган.
Бундай кескин чора-тадбирлар Россиядаги миграция сиёсатида янги босқич бошланганидан дарак бериши мумкин. Экспертлар эса бундай чекловлар ижтимоий муносабатларга қандай таъсир қилишини муҳокама қилмоқда. Ижтимоий тармоқларда ҳам ушбу таклиф жамоатчилик ўртасида қизғин баҳсларга сабаб бўлди.
Фуқароларнинг шахсий маълумотлари, алоқа ҳуқуқлари ва инсонпарварлик мезонлари — барчаси бу жараёнда муҳим омил бўлиб қолмоқда. Россиядаги мигрантлар эса ўз келажагига қандай таъсир бўлишини хавотир билан кузатишмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар