date
views 13 067

Ер қаърида улкан олтин ва платина захираси топилди!

Ер қаърида улкан олтин ва платина захираси топилди!
Дунёдаги энг сўнгги геологик кашфиётлардан бири нафақат олимлар, балки сармоядорларнинг ҳам эътиборини тортди. Nature нашри ёзганидек, Ҳавайи ороллари ҳудудида жуда ноёб ва қимматбаҳо металл — рутений аниқланди. Бу металл платина гуруҳига киради ва унинг ер юзасида кам учрайдиганлиги сабабли ўта қимматбаҳо ҳисобланади.

Олимлар мазкур металлнинг пайдо бўлишига оид энг қизиқ назариялардан бирини илгари суришди: рутений тўғридан-тўғри Ер ядросидан чиқиб келган бўлиши мумкин. Бу хулоса нафақат геологик нуқтаи назардан, балки геосиёсий ва иқтисодий жиҳатдан ҳам жуда катта аҳамиятга эга.

Ядродан юзагача — қимматбаҳо металллар “сайри”

Таҳлилларга кўра, Ердаги барча қимматли металлларнинг 99 фоизи сайёра ядросида жойлашган бўлиб, фақат 1 фоиз қисми мантия ва литосфера қатламларида тарқалган. Бунга сабаб — металларнинг зич ва оғир тузилмаси бўлиб, улар Ер шаклланаётган пайтда гравитация таъсирида ядро марказига “тортилиб кетган”.

Ернинг ядроси эса, металлларга бой таркибга эга. У ички қаттиқ ядро ва ташқи суюқ қисмдан иборат бўлиб, айнан шу ҳаракатдаги металллар Ер магнит майдонини шакллантиради. Бу магнит майдон сайёрани космик нурланишлар ва солар шамолларидан ҳимоялайди.

Мантия кўтарилиши ва геологик “буюк йўл”

Геологлар таъкидлашича, рутений каби металлар Ер ядросидан мантия орқали юзага чиқиши мумкин. Бу жараён “мантия кўтарилиши” деб аталади — у остидаги қизиган магма устуни орқали вертикал равишда юзага томон ҳаракат қилади. Бундай кучли энергия оқимлари баъзан материк плиталарини ҳам пастдан “ёриб ўтади”.

Айнан шу жараёнлар туфайли Африка континентида Шарқий Африка ёриғи юзага келган — геологик нуқтаи назардан Африка материги секин-аста иккита алоҳида қитъага айланиб бормоқда.

Ҳозирда шундай мантия “оқими” Тинч океани плитаси остида — Ҳавайи ороллари ҳудудида фаол ҳаракатда. Геологлар фикрича, айнан ушбу жараёнлар миллионлаб йиллар олдин бутун Ҳавайи архипелагини ҳосил қилган.

Ядродан келган изотоплар ва рутенийнинг келиб чиқиши

Кауаи ва Камаэуаканалоа оролларида олиб борилган тадқиқотлар давомида топилган рутений ва волфрам моддалари олимларни ҳайратга солди. Атом изотоп таҳлиллари шуни кўрсатдики, бу металллар мантиядаги эмас, айнан ядродаги моддалар таркибига мос келади. Бу уларнинг Ер ядросидан келганлигини исботлайди.

Мутахассисларнинг фикрича, рутенийнинг мавжудлиги — бу жойларда олтин, платина ва бошқа ноёб металлларнинг улкан захираси бўлиши эҳтимолини кескин оширади. Бу эса, нафақат илм-фан, балки келажакдаги ресурслар учун кураш нуқтаи назаридан ҳам муҳим янгилик.

Ер ичидаги бойликлар юзага чиқмоқда

Геологик жараёнлар Ернинг чиндан ҳам ҳали тўлиқ ўрганилмаган ва сўнгги сири очилмаган олам эканини яна бир бор тасдиқламоқда. Ҳавайидаги кашфиёт нафақат рутений, балки ядродан тўғридан-тўғри келаётган бошқа қимматбаҳо элементларнинг ҳам борлигини кўрсатмоқда.

Келажакда бу ҳудудлар нафақат туристик манзил, балки геологик ва иқтисодий аҳамиятга эга нуқтага айланиши мумкин. Сайёрамизнинг қаърида ҳали нима яширин эканини эса вақт кўрсатади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ер қаърида улкан олтин ва платина захираси топилди!