date
views 249

Трамп: “Канада бизга 51-штат бўлса, мудофаа тизими бепул бўлади!”

Трамп: “Канада бизга 51-штат бўлса, мудофаа тизими бепул бўлади!”
АҚШ президенти Доналд Трамп яна бир баҳсли баёноти билан жамоатчилик эътиборини торта олди. Унинг 27 май куни Truth Social ижтимоий тармоғида эълон қилган постида Канадага қаратилган очиқ таклиф акс этган — агар Канада АҚШнинг янги 51-штатига айланса, “Олтин гумбаз” (Golden Dome) ҳаво мудофаа тизими уларга мутлақо бепул таклиф қилинади. Агар эса мамлакат мустақиллигини сақлаб қолиб, Америка мудофаа тизимига алоҳида шерик сифатида қўшилишни истаса, бу хизматнинг нархи 61 миллиард долларни ташкил қилади.

— Мен Канадага шундай дедим: агар сиз “Олтин гумбаз” тизимимизда тенг бўлмаган, мустақил давлат сифатида иштирок этмоқчи бўлсангиз, бу сизга 61 миллиард долларга тушади. Аммо агар биз билан 51-штат сифатида бирлашсангиз — у ҳолда бу нол долларга тушади. Улар буни жиддий кўриб чиқмоқдалар! — деб ёзди Трамп.

Трампнинг бу гаплари нафақат Канада, балки халқаро сиёсий майдонда ҳам жиддий муҳокамага сабаб бўлди. CBC нашри маълум қилишича, Трампнинг бу баёноти айнан Канадада муҳим сиёсий воқеа — Буюк Британия қироли Чарлз IIIнинг мамлакат парламентидаги нутқи билан бир вақтда янгради. Қирол ўз нутқида Канада халқи ва унинг суверен ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ваъда берди.

Қирол Чарлз III мамлакатга бош вазир Марк Карнининг таклифига биноан ташриф буюрди. BBC эслатишича, Британия монархи Канада парламентида охирги марта 48 йил аввал нутқ сўзлаган. Ўшанда нутқни қирол Чарлзнинг онаси — марҳума қиролича Елизавета II сўзлаган эди.

Трампнинг “51-штат” таклифи, албатта, расмий эмас ва унинг шахсий сиёсий ташаббуси сифатида баҳоланмоқда. Бироқ бу баёнот АҚШ-Канада муносабатларида янги баҳсларга сабаб бўлиши мумкин. Айниқса, ҳаво мудофааси каби стратегик соҳалардаги ҳамкорлик масалалари бу каби оғир “юмор” билан аралашиб кетганда, дипломатик тонус кескинлашаётганини кўрсатади.

Ҳозирча Канада ҳукумати бу масала юзасидан расмий изоҳ бермаган. Аммо экспертлар бу гапларни жиддий геосиёсий сўров деб эмас, балки Трампнинг сиёсий услубига хос популистик баёнотлардан бири сифатида баҳолашмоқда. Шу билан бирга, у келаси сайловлар арафасида ҳам АҚШ ташқи сиёсатини янги форматда тасаввур қилаётганини кўрсатмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трамп: “Канада бизга 51-штат бўлса, мудофаа тизими бепул бўлади!”