date
views 362

Россияда картошка дефицити: Беларус ҳам ожиз қолди

Россияда картошка дефицити: Беларус ҳам ожиз қолди
Россияда картошка танқислиги тобора жиддий тус олмоқда. Президент Владимир Путиннинг айтишича, ўтган йилдаги ҳосил кутилган даражада бўлмаган ва захиралар деярли тугаган. У очиқчасига тан олди: мамлакатда картошка етарли эмас, ҳатто доимий ёрдам бериб келган Беларус ҳам бу сафар кўмак бера олмайди. Путиннинг сўзларига кўра, Минск аллақачон “бор картошкасини Россияга жўнатиб бўлган”.

Сўнгги ойларда Россияда картошка нархлари кескин кўтарилиб, йил бошидан бери 52 фоизга ошган. Бунга асосий сабаб – ҳосил паст бўлгани. 2023-йилда картошка етиштириш 12 фоизга камайди. Беларусдан олиб кирилаётган маҳсулотлар эса мавжуд вазиятни барқарорлаштира олмаяпти.

Бундан ташқари, ўтган йили юқори ҳосил туфайли бозорда нархлар тушиб кетганидан кейин россиялик деҳқонлар картошка экиладиган майдонларни қисқартиришга мажбур бўлишди.

Путин ҳатто Александр Лукашенкодан қўшимча картошка етказиб бериш борасида музокараларни давом эттиришни сўради. Бироқ Беларус ҳам имконият чегарасига етган – мавжуд барча захиралар аллақачон Россияга экспорт қилинган. Натижада, Беларуснинг ўзида ҳам нархлар ўсишни бошлаган ва расмий Минск 2021-йилда жорий этилган Европа Иттифоқидан сабзавот ва мева олиб киришга қўйилган эмбарго режимини бекор қилишга мажбур бўлди.

“Биз россиялик дўстларимизга ёрдам беришга тайёрмиз. Бу хайрия эмас – бу ҳалол савдо, ҳалол даромад. Биз картошка етиштиришни биламиз, агар имкон бўлса. Ҳар иккаламизга – ўзимиз ва Россияга – етадиган миқдорда ҳосил олишимиз керак”, — деди Лукашенко.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россияда картошка дефицити: Беларус ҳам ожиз қолди