date
views 187

Канада олов қуршовида: Манитобадан минглаб одамлар эвакуация қилинмоқда!

Канада олов қуршовида: Манитобадан минглаб одамлар эвакуация қилинмоқда!
Канаданинг Манитоба провинциясида кучли ўрмон ёнғинлари кенг ҳудудларни қамраб олиб, маҳаллий аҳоли ҳаётига жиддий таҳдид солмоқда. Ҳозирги вақтда ёнғин ўчоқлари сон жиҳатидан ҳам, қамраб олган майдон жиҳатидан ҳам тарихий рекорд кўрсаткичларга етишга яқинлашмоқда. Бу ҳақда CBC телеканали маҳаллий расмийларга таяниб хабар тарқатди.

Расмий маълумотларга кўра, йил бошидан бери Манитобада жами 102 та йирик ва кичик ёнғин қайд этилган бўлиб, бу сўнгги 20 йиллик ўртача кўрсаткичдан сезиларли даражада юқори. Ҳозирча Манитобада фаол ёнғин ўчоқларининг сони 22 тани ташкил этмоқда.

Айниқса, Манитоба ва Саскачеван провинциялари чегарасидаги Флин-Флон шаҳри яқинидаги ёнғин энг катта хавфни туғдирмоқда. Ушбу ёнғин 20 минг гектардан ортиқ ҳудудни қамраб олган ва маҳаллий аҳоли учун жуда катта хавф яратган. Шаҳар маъмурияти аҳолини ярим тунга қадар зудлик билан уйларини тарк этишга чақирди. Шу билан бирга, Кросс-Лейк ҳудудида ҳам вазият мураккаб — ёнғин у ердаги 1,5 минг гектарлик майдонни қамраб олган ва асосий магистрал йўлни тўсиб қўйган.

Ушбу табиий офатга қарши курашиш мақсадида маҳаллий ҳукумат бутун Манитоба провинциясида фавқулодда ҳолат эълон қилди ва ёнғин хавфи юқори бўлган ҳудудлардан 17 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинган. Бундай катта кўламдаги эвакуация провинция тарихида жуда кам кузатилган ҳолатлардан бири сифатида қайд этилди. Масалан, охирги марта бу каби кўламли эвакуация 1997 йилда содир бўлган сув тошқинлари пайтида амалга оширилганди.

Ҳозирги вақтда ёнғинга қарши курашиш учун Канаданинг бошқа ҳудудларидан ҳам кучлар жалб қилинган. Алберта, Британия Колумбияси, Шаҳзода Эдуард ороллари ва Ню-Брунсвик каби провинциялардан ёнғин ўчирувчилар, махсус техника ва самолётлар ёрдам учун жўнатилган. Шундай бўлса-да, шамолли ва иссиқ об-ҳаво вазиятни янада оғирлаштирмоқда ва ёнғиннинг тўлиқ назоратга олиниши ҳали ҳам амалга оширилгани йўқ.

Манитоба ҳукумати фавқулодда ҳолатни дастлаб 30 кун муддатга эълон қилган. Лекин вазият ўзгармаса, бу муддат яна узайтирилиши мумкин. Аҳоли ва қутқарувчилар ҳозирча табиий офатнинг бундан кейинги ривожини хавотир билан кузатмоқда. Бу каби табиат ҳодисаси нафақат табиатга, балки минглаб инсонларнинг тақдирига ҳам жуда катта таъсир кўрсатмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Канада олов қуршовида: Манитобадан минглаб одамлар эвакуация қилинмоқда!