date
views 2 071

Сўнгги пайтда AI деб танилган «Наташа» фош этилди: кодни 700 дастурчи ёзган!

Сўнгги пайтда AI деб танилган «Наташа» фош этилди: кодни 700 дастурчи ёзган!
Бир неча йиллар мобайнида сунъий интеллектга асосланган илғор технология сифатида дунёга танитилган Natasha AI нейрон тармоғи аслида бутунлай бошқача асосда ишлаётгани маълум бўлди. Британияда фаолият юритган ва технологик инновациялар соҳасида катта обрў қозонган Builder.AI стартапи ортида аслида ҳеч қандай реал генератив AI технологияси йўқлиги ошкор қилинди. Бу ҳақда Financial Times газетаси маълум қилган.

Natasha AI — Builder.AI стартапига тегишли чат-бот бўлиб, у фойдаланувчиларга мобил иловалар ва дастурий маҳсулотлар яратишда «ёрдамчи» сифатида хизмат қилган. Стартап ўзини сунъий интеллект асосида ишлайдиган платформа сифатида намоён этган ва жаҳоннинг йирик сармоядорларини жалб қилишга муваффақ бўлган. Microsoft, SoftBank ва Insight Partners каби глобал IT-гигантлар бу лойиҳага 480 миллион доллардан ортиқ маблағ киритган.

Компания 2018 йилда $1,5 миллиард долларга баҳоланиб, стартаплар оламида «яккашох» (unicorn) мақомига эришган. Ушбу муваффақият компанияни сунъий интеллект соҳасидаги энг умидли ва келажакка қараб илдамлаётган стартаплардан бири сифатида намоён этган.

Бироқ воқелик анча бошқача чиққан. FT таҳлилига кўра, Natasha AI номли «ақлли» чат-бот аслида ҳеч қандай нейроинтеллект ёки алгоритмларга эга эмас. Унга келиб тушаётган буюртмаларни Ҳиндистондаги 700 нафар дастурчи ўз қўли билан кодлаш орқали бажариб келган. Бу жараён бутунлай инсон ресурсларига боғланган бўлиб, Natasha AI фойдаланувчилари бу ҳақда умуман хабардор бўлмаган.

Компания иловаларни автоматик яратиш орқали муаммосиз хизмат кўрсатишини ваъда қилган бўлса-да, мижозлар томонидан кўплаб носозликлар ва техник муаммолар кузатилган. Бу ҳолатларга қарамасдан, лойиҳа қарийб 10 йил давомида бозорда ўз ўрнини сақлаб қолган ва AI революциясида етакчи деб баҳоланган.

Бироқ барчаси 2024 йил охирида ўзгарди. Компания кредиторлари ҳисобидан 37 миллион долларни қайтариб олганидан сўнг, Builder.AI ўзини расман банкрот деб эълон қилди. Айни пайтда компания раҳбарияти молиявий ҳисоботларни сохталаштирганлик ва сармоядорларни чалғитишда гумон қилинаётгани айтилаяпти.

Natasha AI билан боғлиқ бу фош этилган ҳодиса бутун технологик жамоатчиликни ҳайратда қолдирди. Бу воқеа сунъий интеллект номидан фойдаланиб, инвесторлар ва мижозларни алдаш мумкинлигини ва технологияга бўлган ишончни суиистеъмол қилиш орқали катта маблағларни жалб этиш мумкинлигини яна бир бор кўрсатди.

Zamin.uz таҳририяти эслатади: Технологияга нисбатан мустаҳкам ва танқидий ёндашув, ҳар бир янги платформа ва лойиҳанинг ҳақиқий салоҳиятини чуқур ўрганиш ҳамда шаффофликни талаб қилиш — бугунги рақамли дунёда энг муҳим қадриятлардан бирига айланмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Сўнгги пайтда AI деб танилган «Наташа» фош этилди: кодни 700 дастурчи ёзган!