date
views 281

Путинни Гитлерга ўхшатган мемларга Россияда тақиқ қўйилди!

Путинни Гитлерга ўхшатган мемларга Россияда тақиқ қўйилди!
Россия Федерациясида президент Владимир Путиннинг Адолф Гитлерга ўхшатилган тасвирлари жойлаштирилган бир қатор интернет саҳифалари расман тақиқланди. Омск шаҳрининг Киров туман суди прокуратура талабига кўра, шундай мазмундаги сурат ва мемлар эълон қилинган 12 та веб-саҳифани Россия ҳудудида блоклаш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда мустақил “Вёрстка” нашри хабар бермоқда.

Тақиққа сабаб бўлган тасвирларда Путиннинг ташқи кўриниши атайлаб ўзгартирилган бўлиб, унга Гитлернинг мўйлови ва соч турмаги қўйилган. Шу билан бирга, бу расмларда президентга нисбатан қўлланилган «Путлер» деган танқидий ибора ҳам қўлланилган. Хусусан, бу турдаги тасвирлар орасида «Путлер капут» деб ёзилган плакатларнинг суратлари ҳам бор. Уларнинг кўпчилиги Россиядаги норозилик намойишлари давомида кўтарилган.

Бундан ташқари, актёр Павел Деревянко иштирокидаги машҳур «Гитлер капут!» комедия фильмидан олинган суратлар ҳам тақиққа тушган. Ушбу фильмга доир тасвирлар интернетда Путинни масхара қилиш мақсадида тарқалгани айтилмоқда.

Эътиборлиси, блогер Илья Варламовнинг веб-саҳифасида нашр этилган бир тасвир ҳам тақиққа тушган. Бу суратда бир аёл «Путлер, қўрғошин билан меҳмон қилишларидан олдин заҳар ич» деган ёзувли плакатни кўтариб турган эди.

Шунингдек, Россия президентига нисбатан очиқдан-очиқ зўравонлик кўриниши акс этган суратлар ҳам блокланган. Масалан, Stixi.ru сайтида эълон қилинган, Путиннинг бошига тўппонча тиралган тасвир ва «Россияни шармандаликдан қандай қутқариш мумкин?» деган ёзув ҳам бу қаторга киради.

Омск прокуратурасининг талаби асосида блокланган яна бир эътирозли саҳифа – бу «Жонли журнал» (LiveJournal) платформасидаги тасвир бўлиб, унинг услуби машҳур ҳажвий «Тимсоҳ» журнали муқовасини эслатади. Бу ерда президент Путиннинг сурати билан бирга «Судда ишни мазмунан кўриб чиқиш бошланди. Махлуқ ўзининг айбсиз эканини айтди» деган қўпол ёзув мавжуд эди.

Суд томонидан тақиқланган веб-ресурслар орасида оммабоп Fishki.net порталидаги Москвада ўтказилган қаршилик намойишларига бағишланган фотосуратлар галереяси ҳам бор. Прокуратура иддаосига кўра, у ердаги «Путиннинг Украинага қарши тажовузи Россия ва Европага қарши йўналтирилган» деган ёзувли плакат кўтариб турган эркак тасвирланган сурат ҳам «давлат манфаатига қарши ва хавфсизликка таҳдид солувчи» деб баҳоланган.

Омск прокуратураси ходимларининг фикрича, мазкур сурат ва мемларнинг интернетда тарқалиши «жамиятда тартибсизлик, давлатга нисбатан нафрат ва террорчилик ҳаракатларини амалга оширишга ундаш» хавфини келтириб чиқаради. Бу боис, бундай контентларга Россия ҳудудида қатъий тақиқ қўйилиши лозимлиги айтилмоқда.

Танқидчилар эса ушбу қарорни цензуранинг янги босқичи, давлат раҳбарини танқид қилиш имкониятларини чеклашга қаратилган деб баҳоламоқда. Шу билан бирга, ҳуқуқшунослар ва халқаро ташкилотлар бундай кескин чораларни сўз эркинлигига қарши курашнинг салбий кўриниши сифатида қабул қилмоқда.

Фото: Вёрстка
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Путинни Гитлерга ўхшатган мемларга Россияда тақиқ қўйилди!