date
views 376

Курск вилоятида кўприк қулаб, поезд автомобил йўлига ағдарилди!

Курск вилоятида кўприк қулаб, поезд автомобил йўлига ағдарилди!
Россиянинг Курск вилоятида 1 июнга ўтар кечаси даҳшатли фалокат содир бўлди. Железногорский райони ҳудудидан ўтувчи темирйўл кўприги кутилмаганда қулаб тушди. Бу ҳақда вилоят губернатори вазифасини бажарувчи Александр Хинштейн ўз баёнотида маълум қилди.

Фавқулодда ҳолат кечаси Тросна-Калиновка трассасининг 48-километрида содир бўлган. Мазкур ҳодиса юк локомотиви кўприк устида ҳаракатланаётган пайтда рўй берган. Бирдан кўприкнинг бир қисми қулаб, тепловоз ва унинг бир неча қисмлари пастдаги автомобил йўлига ағдарилиб тушган.

Қулаш натижасида тепловоздан ёнғин чиққан ва ёнғин жуда тез кенг ёйила бошлаган. Ҳодиса жойига келган ўт ўчириш хизматлари бир зумда ёнғинни бартараф қилишга муваффақ бўлишган. Шу билан бирга, фалокат натижасида тепловозда ишлаётган машинистлар бригадаси ҳам жароҳатланган. Улар зудлик билан шифохонага етказилган. Бир машинистнинг оёғи жиддий шикастлангани хабар қилинди ва ҳозирда уларга зарурий тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Ҳодиса оқибатида кўприк остида жойлашган автомобил трассасида ҳам транспорт ҳаракати тўлиқ тўхтатилган. Ҳозирча ушбу йўналиш бўйича ҳаракатнинг қачон тикланиши номаълум, масъул ходимлар бу масала бўйича иш олиб бормоқда.

Кўприк қулаши сабаблари ҳозирча аниқ эмас ва бу бўйича мутахассислар томонидан жиддий суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Айниқса, кўприкнинг қурилишдаги муаммолари ёки техник носозликлари эҳтимоли текширилмоқда.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу ҳодисадан бир кун аввал қўшни Брянск вилоятида ҳам худди шунга ўхшаш, аммо оқибатлари анча оғир бўлган ҳалокат рўй берган эди. Вигоничский районида автомобиль кўприги қулаб, унинг остида ҳаракатланаётган «Климов—Москва» йўловчи поездига катта зарар етказган. Фалокат вақтида кўприк устида юк машинаси бўлган ва у ҳам пастга тушиб кетганди.

Бу даҳшатли авария натижасида поезднинг локомотиви ва тўртта вагон релсдан чиқиб, ағдарилган. Ҳодисада етти киши ҳаётдан кўз юмган, яна 66 киши жароҳатланган. Жабрланганларнинг 47 нафари дарҳол шифохонага ётқизилган, улардан уч нафарининг аҳволи ўта оғирлиги маълум қилинган. Афсуски, жароҳат олганлар орасида бир бола ҳам бор.

Бу икки ҳодисанинг қисқа вақт ичида рўй бериши мутахассислар ва кенг жамоатчилик орасида жиддий хавотирларга сабаб бўлмоқда. Ҳар икки ҳодиса ҳам кўприкларнинг ҳолати ва хавфсизлиги бўйича назоратни кучайтириш зарурлигини кўрсатиб турибди. Айни пайтда ушбу йўналишларда ҳаракатланувчи бошқа кўприклар ва инфратузилмалар ҳолати ҳам текширувдан ўтказила бошлаган.

Ҳозирда терговчилар ва техник мутахассислар мазкур ҳодисалар сабабини аниқлаш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Кўпчилик эса инфратузилмаларни мунтазам текшириб бориш ва бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича қўшимча чоралар кўрилишини талаб қилмоқда.

Россия ҳукумати ҳам аҳолини ва транспорт воситалари ҳаракатини ҳимоя қилиш мақсадида йирик инфратузилма объектлари бўйича хавфсизлик чораларини қайта кўриб чиқиши кутилаётгани хабар қилинди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, бу каби мудҳиш фалокатлар нафақат техник жиҳатдан, балки инсон ҳаёти учун жиддий таҳдид эканлигини яна бир бор эслатиб ўтди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Курск вилоятида кўприк қулаб, поезд автомобил йўлига ағдарилди!