date
views 1 161

Ҳаж мавсумида Саудияда 75 минг қоидабузар қўлга олинди!

Ҳаж мавсумида Саудияда 75 минг қоидабузар қўлга олинди!
Ҳаж мавсуми бошланиши муносабати билан Саудия Арабистонида кенг кўламли текширув ва тартиб-интизомни таъминлаш амалиётлари ўтказилмоқда. Мамлакат Ички ишлар вазирлиги «Рухсатсиз ҳажга йўл қўймаслик» деб номланган кампания доирасида олиб борилган чора-тадбирлар натижасида 75 мингдан ортиқ шахс турли қоидабузарликлар сабабли қўлга олинганини эълон қилди.

Жамоат хавфсизлиги бош директори, генерал-лейтенант Муҳаммад ал-Бассамийнинг маълум қилишича, Маккага ҳаж қилиш учун махсус рухсатномага эга бўлмаган 269 минг нафардан ортиқ шахс чегарадан орқага қайтарилган. Шунингдек, қонун ва тартиб-қоидаларни менсимаган қарийб 76 минг шахс қўлга олиниб, уларга нисбатан қонуний чоралар кўрилмоқда. Ушбу шахсларни депортация қилиш, жиддий миқдорда жарима солиш ва келгуси 10 йил мобайнида Саудия ҳудудига киришни тақиқлаш каби жазолар кутиб турибди.

Расмий маълумотларга кўра, назорат тадбирлари натижасида, фуқароларга сохта хизмат таклиф қилувчи 252 та фирма, қонунларни бузган 1239 нафар транспортчи ва талабларга жавоб бермайдиган 110 мингга яқин транспорт воситаси аниқланган ҳамда уларнинг муқаддас шаҳарга кириши қатъий равишда тақиқланган.

Ал-Бассамий сўзларига кўра, Ҳаж даврида Макка ва Мадина шаҳарларининг хавфсизлигини кафолатлаш мақсадида юқори даражадаги замонавий технологиялар ишга туширилган. Улар орасида учувчисиз аппаратлар (дронлар), кузатув камералари ва сунъий интеллект тизимлари бор. У хавфсизликни бузиш ёки кўрсатмаларга амал қилмаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда, бундай ҳолатларга нисбатан шафқатсиз ва қатъий чоралар кўрилишини эслатиб ўтди.

Ўз навбатида, Паспорт хизматлари бош директори вазифасини бажарувчи генерал-майор Солиҳ Ал-Мурабба, бу йил 1 июнь ҳолатига кўра, қиролликка келган зиёратчилар сони 1 млн 475 минг 230 нафарга етганини маълум қилди.

Шу билан бирга, Исломий ишлар, даъват ва ҳидоят вазирлиги ҳамда Ҳаж ва Умра ишлари вазирлиги зиёратчиларни юқори ҳаво ҳарорати шароитида эҳтиёткор бўлишга чақирди. Шунингдек, зиёратчиларга белгиланган тартиб-қоидаларга, тасдиқланган зиёрат жадвалларига риоя қилиш ва муқаддас шаҳарлардаги ҳаракат учун расмий транспорт воситаларидан фойдаланиш зарурлиги қайта-қайта таъкидланди.

Ҳаж хизматларини кўрсатувчи барча компанияларга зиёратчилар хавфсизлиги ва қулайлигини таъминлаш мақсадида берилган кўрсатмаларга қатъий амал қилиш топширилди.

Ҳозирги кунда Ҳаж зиёратининг юқори даражада ўтиши ва зиёратчиларнинг хавфсизлиги Саудия Арабистони ҳукумати томонидан асосий устувор вазифа сифатида белгиланган. Мамлакат маъмурияти ҳар қандай қоидабузарликка муросасиз муносабатда бўлишини қатъий равишда билдирмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ҳаж мавсумида Саудияда 75 минг қоидабузар қўлга олинди!