date
views 65 798

Дунёда фақат битта давлат ўзини тўлиқ боқа олар экан!

Дунёда фақат битта давлат ўзини тўлиқ боқа олар экан!
Дунё мамлакатларининг озиқ-овқат мустақиллиги бўйича ўтказилган глобал тадқиқот натижалари эълон қилинди. Германиядаги Геттинген ва Буюк Британиядаги Эдинбург университетлари олимлари томонидан амалга оширилган бу кенг кўламли таҳлил натижалари ҳайратланарли бўлиб чиқди. 186 давлатда ўтказилган тадқиқот хулосасига кўра, ер юзида ташқи ёрдамга муҳтож бўлмайдиган, ўзини барча асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлай оладиган ягона мамлакат мавжуд экан. Бу – Жанубий Америка қитъасининг шимоли-шарқий қисмида жойлашган, аҳолиси бир миллиондан ҳам кам бўлган кичик Гайана давлатидир. Бу ҳақда Science Alert нашри хабар бермоқда.

Тадқиқот давомида олимлар жаҳон мамлакатларининг асосий озиқ-овқат турлари бўйича ички ишлаб чиқариш ҳажмларини таҳлил қилди. Бунда еттита муҳим гуруҳ эътиборга олинган: мева, сабзавот, сут маҳсулотлари, балиқ, гўшт, дуккаклилар (шу жумладан ёнғоқлар ва уруғлар) ҳамда крахмалли экинлар (картошка ва бошқалар).

Натижаларга кўра, Гайана юқоридаги етти гуруҳ маҳсулот бўйича ҳам ички эҳтиёжини тўлиқ қоплай оладиган дунёдаги ягона мамлакат бўлиб чиқди. Бунинг асосий сабаби сифатида ушбу мамлакатда қулай иқлим шароити ва қишлоқ хўжалиги ерларининг серҳосиллиги кўрсатилган.

Гайанага энг яқин кўрсаткичларга эга бўлган мамлакатлар эса Хитой ва Ветнам ҳисобланади. Улар етти гуруҳдан олтитасида ўзларининг ички эҳтиёжларини мустақил равишда қондира олиш имкониятига эга.

Бироқ тадқиқот натижалари яна бир ташвишланарли фактни кўрсатади. Дунё мамлакатларининг атиги ҳар еттинчиси бешта ва ундан кўпроқ озиқ-овқат гуруҳида ички эҳтиёжини тўлиқ қоплаш қобилиятига эга экан. Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор бўлиб, мамлакатимиз мева, сабзавот, сут маҳсулотлари, гўшт ва крахмалли экинлар ишлаб чиқаришда ўзини таъминлай оладиган мамлакатлар қаторига киради.

Шу билан бирга, мамлакатимизнинг балиқ ва дуккаклилар (ёнғоқ ва уруғлар каби маҳсулотлар) билан ўз эҳтиёжларини тўлиқ қоплай олмаслиги алоҳида қайд этилган.

Таҳлилчиларнинг қайд этишича, дунё мамлакатларининг учдан бир қисми атиги бир ёки икки турдаги маҳсулотларни мустақил равишда етарли миқдорда ишлаб чиқара олади. Афғонистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Ироқ, Макао, Қатар ва Яман каби мамлакатларда эса, ҳатто бир турда ҳам ички эҳтиёжни тўлиқ қоплаш имконияти мавжуд эмас.

Иқтисодий иттифоқларда ҳам вазият кўнгилдагидек эмас. Масалан, Форс кўрфазидаги араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши (GCC) ўзини фақат гўшт маҳсулотлари билан таъминлай олади. Ғарбий Африка ва Кариб денгизи давлатлари уюшмалари ҳам фақат икки турдаги озиқ-овқат маҳсулотида мустақилдирлар. Ҳеч бир иттифоқ эса сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқаришда тўлиқ мустақил эмас.

Олимларнинг таъкидлашича, бундай ҳолатларда асосий ечим йўли халқаро савдо алоқаларини ривожлантириш ҳисобланади. Бироқ бунинг ҳам ўзига яраша хавфи бор: кўплаб мамлакатлар битта ёки иккита асосий импортчи давлатларга қарам бўлиб қолмоқда. Бу эса уларни сиёсий можаро ёки таъминот занжиридаги ҳар қандай узилишларга нисбатан ўта заиф қилиб қўяди.

Шу боис олимлар нафақат халқаро ҳамкорликни кучайтириш, балки савдо алоқаларини ҳам диверсификация қилиш кераклигини таъкидлашмоқда. Бу озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва барқарор иқтисодий ривожланиш учун энг тўғри йўлдир.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Дунёда фақат битта давлат ўзини тўлиқ боқа олар экан!