
Россия электроника бозорида аҳамиятли ўзгаришлар амалга оширилиши кутилмоқда. Мамлакат ишбилармон доиралари ва IT-мутахассислар импорт ноутбукларга маҳаллий ишлаб чиқарилган операцион тизимларни ўрнатишни мажбурий қилиш ташаббусини илгари сурмоқда. Бу ҳақда Россиянинг Fplus IT-холдинги бошқарув шериги Алексей Мелников оммавий ахборот воситаларига маълум қилди.
Эндиликда Россиядаги электроника дўконлари, интернет-дўконлар ва маркетплейсларда сотилаётган барча ноутбукларга маҳаллий ишланмалар – «Алт», Astra Linux ёки Red OS каби операцион тизимлардан бири ўрнатилган бўлиши кераклиги таклиф этилмоқда. Мелников бу янги талабнинг мамлакат иқтисодиётига ёки бозорига салбий таъсири бўлмаслигига ишонч билдирди. «Ҳеч нарса юз бермайди – на инфляция, на бозордаги бошқа турдаги ҳодисалар», – деб таъкидлади у.
Бу ташаббус аввалроқ смартфонларга Россия иловаларини мажбурий равишда ўрнатиш тартибига ўхшашдир. Яъни, энди ноутбук сотиб олган истеъмолчи қурилмани биринчи марта ишга тушириш жараёнида ўзи хоҳлаган маҳаллий операцион тизимни танлай олади. Бироқ смартфонларга «Аврора» ёки Red OS Mobile каби Россия мобил операцион тизимларини ўрнатиш ғояси рақамли ривожланиш вазири Мақсут Шадаев томонидан қўллаб-қувватланмади. Сабаб сифатида эса бу ҳолат импорт маҳсулотлари ҳажмининг пасайишига олиб келиши мумкинлиги кўрсатилган.
Шу билан бирга, Россия электрон коммуникациялар ассоциацияси раҳбари Екатерина Демкина ноутбукларга оммавий равишда маҳаллий операцион тизимларни ўрнатиш жараёнининг жуда ҳам мураккаб бўлишини таъкидлади. Унинг фикрича, маҳаллий дастурчилар томонидан тақдим этилаётган OS'ларнинг ҳозирги тайёрлиги етарли даражада эмас. Бу эса жорий қилинаётган талабларни тўлиқ бажариш учун қўшимча вақт ва маблағ талаб этиши мумкин.
Айни вақтда Россия бозорида маҳаллий операцион тизимлар ўрнатилган ноутбукларнинг умумий улуши жуда паст даражада қолмоқда – тахминан 2-3 фоиз атрофида. 2024 йилда Россияда ноутбуклар бозори 242 миллиард рублга (тахминан 3,9 миллион қурилма) ўсганига қарамасдан, 2025 йилнинг биринчи чорагида ноутбуклар сотуви кўрсаткичи 12 фоизга камайганини «Коммерсант» нашри ўз манбасига таянган ҳолда маълум қилган.
Мутахассислар бу ташаббус мамлакатнинг технологик мустақиллигини оширишга хизмат қилишини таъкидламоқда. Шу билан бирга, айрим таҳлилчилар ва бозор иштирокчилари янги талабнинг жорий этилиши Россия электроника бозорида кескин ўзгаришларни келтириб чиқариши мумкинлигидан хавотир билдиришмоқда. Ушбу янги тартиб қачондан бошлаб амалга оширилиши ҳақида аниқ муддат эълон қилинмаган бўлса-да, у россиялик истеъмолчилар учун муҳим ўзгаришларнинг бошланишига ишора қилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар