
Машҳур «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) Африка мамлакати – Малидан чиқиб кетиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда «Разгрузка Вагнера» Telegram-канали орқали оммага маълум қилинган. Ушбу канал асосан ёлланма жангчиларга яқинлиги билан танилган.
Хабарга кўра, «Вагнер» ХҲК Малининг хавфсизлигини таъминлаш ва терроризмга қарши кураш бўйича ўзининг асосий миссиясини тўлиқ бажарган. Жангчилар мамлакат ҳудудида 3,5 йил давомида фаолият юритиб, маҳаллий хавфсизлик кучлари билан яқиндан ҳамкорлик қилганликларини маълум қилишган.
«Биз Мали халқининг тинчлигини сақлаш учун кўп йиллар давомида тинч аҳолини қўрқувда сақлаган минглаб жангарилар ва уларнинг асосий етакчиларини йўқ қилдик. Маҳаллий ватанпарвар кучларга ўз ватанларини мустақил ҳимоя қилиш учун зарур тайёргарлик ва ҳарбий интизом беришга кўмаклашдик. Ва энг муҳим вазифамиз — барча минтақавий пойтахтларни қайтадан расмий ҳукумат назорати остига қайтариш эди. Ҳозир бу вазифа бажарилди. Бизнинг Малидиги миссиямиз муваффақиятли якунланди ва биз уйга қайтмоқдамиз», – дейилади «Вагнер» ХҲК томонидан тарқатилган расмий баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, «Вагнер»нинг Малидаги фаолияти ҳақидаги илк хабарлар 2021 йилнинг сентябрида пайдо бўлганди. Бу вақтда Малида сиёсий вазият кескин ўзгарган, давлат тўнтариши орқали ҳокимият тепасига полковник Ассими Гоита келган эди. Ўша пайтда мамлакатдан 5 минг нафар француз ҳарбийлари олиб чиқилган ва мамлакат хавфсизлигини таъминлашда юзага келган бўшлиқни тўлдириш мақсадида «Вагнер» ХҲК ёлланма жангчиларни жалб қилишга киришганди.
Ғарб оммавий ахборот воситаларида тарқалган маълумотларга кўра, ёлланма жангчилар Малининг ҳарбий кучларини махсус тайёргарликдан ўтказиш ва юқори лавозимли амалдорларнинг хавфсизлигини таъминлаш вазифаларини бажаришлари лозим эди. Шу билан бирга, Россия ташқи ишлар вазирлиги ушбу битим мавжудлигини амалда тасдиқлаган бўлса-да, россиялик расмий шахсларнинг бу жараёнларга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини бир неча марта таъкидлаб ўтган.
«Вагнер»нинг ушбу Африка мамлакатидаги бир йиллик фаолияти бўйича махсус тадқиқот ҳисоботи ҳам эълон қилинганди. All Eyes On Wagner лойиҳаси томонидан тайёрланган ушбу ҳисоботда ёлланма жангчиларнинг тинч аҳолига нисбатан оммавий зўравонликлар, босқинлар ва бошқа қонунбузарликларни амалга оширгани ҳақида далиллар келтирилган.
2024 йил ёзида Малининг шимолида ҳукумат қўшинлари ва туарег исёнчилари ўртасида кескин жанглар содир бўлди. Ушбу тўқнашувлар пайтида ҳукумат қўшинлари билан бирга ҳаракат қилган «Вагнер» жангчилари ҳам душман тузоғига тушиб қолган ва улар орасида жиддий қурбонлар бўлган. Турли манбаларнинг хабар беришича, бу тўқнашувларда 20 дан 80 нафаргача «Вагнер» жангчиси ҳалок бўлган.
Бугунги кунда «Вагнер»нинг Малидан чиқиб кетиши билан боғлиқ хабарлар халқаро ҳамжамият томонидан кенг муҳокама қилинмоқда. Таҳлилчилар фикрича, бу вазият Малининг хавфсизлик тизимида жиддий ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин.
Маҳаллий ҳукуматнинг мазкур воқеаларга нисбатан муносабати ҳозирча аниқ эмас. Лекин «Вагнер»нинг мамлакатдан чиқиши ҳукумат кучлари учун жиддий синов бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Шу билан бирга, ушбу қарордан сўнг Малидаги сиёсий ва хавфсизлик вазияти янада кескинлашиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Шундай қилиб, «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясининг Малидан чиқиб кетиши ортида қандай сиёсий-ҳарбий мақсадлар ётганлиги, келгусида бу мамлакатнинг хавфсизлиги қай даражада таъминланиши каби муҳим саволлар ўз жавобини кутади. Бу жараён, шубҳасиз, халқаро ҳамжамият диққат марказида бўлиб қолаверади.
Фото: AP «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар