date
views 249

Швецияда фарзандларининг тишини тозаламаган ота-она қамоққа ташланди!

Швецияда фарзандларининг тишини тозаламаган ота-она қамоққа ташланди!
Швецияда содир бўлган ғайриоддий ва шу билан бирга кўпчиликни ҳайратга солган воқеа дунё оммавий ахборот воситалари диққатига тушди. Мамлакат суди фарзандларининг тишларига кераклича эътибор бермаган, уларнинг саломатлигига беэътибор бўлган ота-онани саккиз ой муддатга озодликдан маҳрум этди. Бу ҳақда Aftonbladet портали хабар тарқатган.

Ушбу воқеа Швециянинг ғарбий қисмида жойлашган Бурос шаҳрида содир бўлган. Болаларни оддий текширув учун стоматолог қабулига олиб борган оила билан боғлиқ ҳолат полиция диққатини тортган. Болаларда текширув давомида оғир даражадаги кариес мавжудлиги аниқланган. Стоматологнинг маълумотига кўра, баъзи тишларнинг ҳолати шу даражада ёмон бўлганки, уларни сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган ва олиб ташлашга мажбур бўлишган.

Ота-оналар бу ҳолатда ўзларини айбдор деб ҳисобламаган ва суд жараёнида ҳам айбларини тан олишмаган. Бироқ суд тиббий маълумотлар ва эксперт хулосалари асосида уларни фарзандларининг саломатлигига жиддий беэътиборликда айбдор деб топган ва ҳар бирини 8 ой муддатда қамоқ жазосига ҳукм қилган. Судьялар қарорларини болалар саломатлигига жиддий зарар етказилгани ва ота-онанинг ушбу ҳолатга бефарқ бўлгани билан изоҳлашган.

Бу ҳодиса мамлакатда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлиб, айримлар суднинг қарорига қарши чиқиб, уни жуда қаттиққўл деб баҳоламоқда. Бироқ аксарият мутахассислар ва ижтимоий соҳа вакиллари болаларнинг саломатлиги ва хавфсизлиги биринчи ўринда бўлиши лозимлигини, бу каби ҳолатларга қатъий чора кўриш кераклигини таъкидламоқда.

Швецияда тиш саломатлиги билан боғлиқ муаммолар тарихи узоқ йилларга бориб тақалади. Яқинда Гетеборг университети Одонтология институти олимлари ва Вестергетланд музейи мутахассислари викинглар даврида яшаган 171 нафар кишининг қолдиқлари устида тадқиқот олиб борган. Олимлар умумий ҳисобда 3293 та тишни текшириб, уларнинг қарийб ярмида кариес борлигини аниқлаган. Варнҳем ҳудудида яшаган катта ёшдаги викингларнинг 13 фоизи эса кариеснинг оғир шаклидан, яъни тиш томири зарарланишидан азият чеккан.

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатмоқдаки, ўша даврда ҳам тиш билан боғлиқ жиддий муаммолар мавжуд бўлган. Қолдиқлари ўрганилган одамларнинг тахминан 6 фоизи тишларидан маҳрум бўлган, жумладан, кўпчилик "ақл тишлари"дан ҳам ажралган. Ёши катталарда тишсиз қолиш ҳолати юқори бўлганлиги аниқланган.

Каролин Бертилссон каби олимларнинг таъкидлашича, викинглар замонида ҳам одамлар тиш гигиенасига алоҳида эътибор қаратган ва турли усуллардан фойдаланган. Улар замонавий чўткалар бўлмаса-да, ўзлари яратган махсус воситалар билан тишларини тозалашган. Шунингдек, инфекция юққан тишларни даволашга ҳаракат қилган ва оғриқни енгиллаштириш учун ҳатто тишларини милкларга қадар эговлаган. Бу эса ўша даврда стоматология қанчалик оғриқли ва қийин бўлганини англатади.

Ҳозирги кунда Швеция давлат органлари болалар саломатлигига жиддий эътибор қаратади. Фарзандларнинг жисмоний ва руҳий саломатлиги билан боғлиқ ҳар қандай масъулиятсизлик оғир жиноят деб ҳисобланади ва суд томонидан қаттиқ жазоланади. Бундай ёндашув мамлакатда соғлом авлодни тарбиялашнинг муҳим шарти сифатида қаралади.

Юқоридаги ҳолат ҳам жамият учун жиддий сигнал бўлиб хизмат қилади ва бошқа ота-оналарга фарзандлари саломатлигига катта масъулият билан ёндошиш кераклигини яна бир бор эслатади. Швеция судининг бундай қатъий қарори болаларнинг соғлиғи ва хавфсизлигини таъминлаш йўлида муҳим бир қадамдир.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Швецияда фарзандларининг тишини тозаламаган ота-она қамоққа ташланди!