
АҚШнинг Бостон округ федерал суди президент Доналд Трамп маъмурияти томонидан қабул қилинган, Ҳарвард университетига ўқишга келишни режалаштираётган халқаро талабалар учун визалар беришни чеклаш ҳақидаги қарорни вақтинчалик тўхтатиб қўйди.
Судья Эллисон Берроузнинг билдиришича, ушбу чеклов ўз кучида қолса, Ҳарвард университети нуфузига ва талабалар қабул қилиш тизимига жиддий зарар етказиши мумкин. Шу сабабли, федерал суд жараёни якунлангунига қадар бу қарорнинг ижросини вақтинчалик блоклаш ҳақида қарор чиқарилди.
Аввалроқ, АҚШ президенти Доналд Трамп 5 июнь куни махсус буйруқ имзолаган эди. Унга мувофиқ, F, M ва J туридаги визалар билан келадиган хорижий талабаларнинг мамлакатга кириши вақтинчалик тақиқланган эди. Ушбу чеклов асосан Фаластинни қўллаб-қувватлаши ва норозилик чиқишларига нисбатан фаол муносабат билдириши билан танилган Ҳарвард ва бошқа университетларга қаратилган бўлиб, бу таълим муассасаларида ўқийдиган халқаро талабаларнинг келишига катта тўсиқ бўлиши кутилаётганди.
Ҳарвард университети раҳбарияти мазкур буйруқ университетнинг нуфузига путур етказишини, шунингдек, олий таълим соҳасида тенглик ва хилма-хилликни қўллаб-қувватлаш тамойилларига зид эканлигини таъкидлаб, судга мурожаат қилган эди. Университет вакилларининг сўзларига кўра, бу чеклов жаҳон миқёсида нуфузга эга бўлган таълим муассасасининг халқаро талабаларни қабул қилиш, уларни жалб этиш ва шу билан бирга юқори малакали кадрларни тайёрлаш тизимига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Трамп маъмурияти эса ушбу қарорни Ҳарвард университетида ва бошқа бир қатор олийгоҳларда сўнгги ойларда юзага келган норозилик ҳаракатлари ва уларнинг кампусларда кенг кўламда тарқалиши билан боғлаган эди. Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш ва аҳолига хизмат кўрсатиш вазирлиги, Таълим вазирлиги ва бошқа қатор давлат органлари антисемитизмга қарши курашни кучайтириш мақсадида махсус ишчи гуруҳ тузиб, бу университетларни молиялаштиришни тўхтатиш ёки сезиларли даражада қисқартириш ҳақида таҳдид қилган эди.
Бу чоралар доирасида, Трамп маъмурияти Ҳарвард учун ажратиладиган 2,2 миллиард долларлик федерал молиявий ёрдам ва қўшимча равишда 60 миллион долларлик шартномаларни ҳам вақтинчалик музлатиб қўйганди. Бироқ, университет раҳбарияти бу чораларни ноқонуний деб ҳисоблаб, судга мурожаат қилди.
Федерал судья Эллисон Берроуз суд жараёни давом этаётган бир пайтда, мазкур қарорларнинг ижросини вақтинча тўхтатиб туришга қарор қилди. Судьянинг таъкидлашича, судда кўрилаётган масала бўйича якуний қарор чиқмагунча, университетнинг фаолиятига зарар етказадиган ҳеч қандай қарор қабул қилинмаслиги керак.
Шунингдек, АҚШ миллий хавфсизлик котиби Кристи Ноэм томонидан Ҳарвард университетига халқаро талабалар қабул қилиш жараёнини вақтинчалик тўхтатиш тўғрисида хабар берган хат ҳам суд томонидан бекор қилинган.
Ҳозирча бу вазиятда суднинг якуний қарори қандай бўлиши номаълум. Лекин ушбу воқеа АҚШ жамоатчилиги орасида катта шов-шувларга сабаб бўлиб, университетларнинг мустақиллиги, халқаро талабаларнинг ҳуқуқлари ҳамда сўз эркинлиги ва хилма-хиллик каби масалалар яна бир бор кун тартибидаги асосий мавзуга айланди.
Ҳарвард университети эса бу қарор ортидан халқаро талабаларни қабул қилишда давом этадиган бўлиб, талабалар учун янги имкониятлар очилмоқда. Суднинг якуний қарори кейинги ойларда эълон қилиниши кутилаяпти. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар