date
views 76

Том Круз ёнувчи парашютда 16 марта сакраб жаҳон рекордини ўрнатди!

Том Круз ёнувчи парашютда 16 марта сакраб жаҳон рекордини ўрнатди!
Голливуд юлдузи Том Круз яна бир бор кинематография тарихига ўз номини муҳрлади. 62 ёшли актёр «Уддалаб бўлмас топшириқ: Сўнгги интиқом» фильми учун ижро этган хавфли трюки билан Гиннесснинг рекордлар китобига кирди.

Маълумотларга кўра, машҳур франшизанинг сўнгги қисмдаги энг шов-шувли саҳналарида Том Круз вертолётдан ёнувчи модда билан сингдирилган парашютда сакраган. Бу шунчаки бир марта эмас — у бу хавфли маневрни кетма-кет 16 марта амалга оширган! Шу орқали у дунёда бундай трюкни шу даражада кўп марта такрорлаган илк инсонга айланди — на биронта актёр, на каскадёр бундай натижага эришган.

Гиннесснинг расмий баёнотида қайд этилишича, бу наинки кинематографияда, балки умумий экстремал спортда ҳам камёб натижа ҳисобланади. Крузнинг ҳар бир сакраши юқори аниқлик, мукаммал тайёргарлик ва максимал хавфсизлик чораларини талаб қилган. Бу борада махсус профессионал жамоа билан иш олиб борилган ва ҳар бир эпизод юқори даражада мониторинг қилинган.

Том Круз ўзининг трюкларни дублёрларсиз бажариши билан доим мухлислар эҳтиромига сазовор бўлиб келади. У нафақат актёр, балки жанговар саҳналардаги ҳақиқий экстремал сифатида ҳам эътироф этилади. «Мен ҳар бир саҳнада томошабинлар реал ҳис-туйғуларни сезишини хоҳлайман. Шунинг учун ҳар бир хавфли ҳаракатни шахсан бажаришга ҳаракат қиламан», — дейди актёр.

Маълумот учун, “Уддалаб бўлмас топшириқ: Сўнгги интиқом” фильми 2025 йил 23 май куни кинотеатрларда намойиш этилди ва биринчи кунлариданоқ катта бокс-офис натижаларини қайд этмоқда. Крузнинг ушбу трюги эса фильмнинг энг эсда қоларли ва муҳокамаларга бой эпизодига айланган.

Zamin.uz таҳририяти эса бу каби саъй-ҳаракатлар орқали реализмни кинога олиб кираётган актёрларни қўллаб-қувватлайди ва Том Крузни янги рекорди билан табриклайди!

Фото: The Flow
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Том Круз ёнувчи парашютда 16 марта сакраб жаҳон рекордини ўрнатди!