date
views 15

ТИВ АҚШдаги норозиликларда ўзбекларни огоҳликка чақирди

ТИВ АҚШдаги норозиликларда ўзбекларни огоҳликка чақирди
Сўнгги кунларда АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида юз берган оммавий норозилик намойишлари халқаро жамоатчилик эътиборини тортмоқда. Бу воқеалар АҚШ президенти Доналд Трампнинг мутахассислар ва кенг жамоатчилик томонидан баҳсли деб топилаётган иммиграция сиёсатига қарши йўналтирилган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолар ва расмий ахборотларга кўра, норозиликлар АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати томонидан Лос-Анжелес шаҳрида ноқонуний муҳожирларни аниқлаш бўйича ўтказилган кенг кўламли рейдлардан сўнг авж олган. Қатор фуқаролар бу ҳаракатни адолатсизлик сифатида баҳолаб, кўчаларга чиқишган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхановнинг маълум қилишича, мазкур намойишларда ўзбекистонлик фуқароларнинг иштирок этгани ҳақида ҳозирча тасдиқланган маълумот йўқ. Шу билан бирга, вазирлик АҚШда истиқомат қилаётган ватандошларимизга мурожаат билан чиқди.

“Ўзбекистон фуқаролари АҚШдаги амалдаги қонун-қоидаларга қатъий риоя қилишлари, жамоат хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган ҳар қандай оммавий йиғилиш ва намойишларда иштирок этмасликлари зарур. Ҳар қандай ҳуқуқбузарлик салбий оқибатларга олиб келиши мумкин”, — дейди ТИВ вакили.

Шунингдек, вазирлик ўз мурожаатида мамлакатимизнинг АҚШдаги дипломатик ваколатхоналари фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда доимий равишда фаолият юритиши, зарур ҳолларда Элчихона ёки Бош консулхоналарга мурожаат этиш мумкинлигини эслатиб ўтди.

Бундай беқарор вазиятда ҳушёрлик ва масъулият ҳар бир фуқаро учун муҳим аҳамият касб этади. Ватандошларимизни тинчликни сақлаш ва қонунбузарликдан йироқ туришга чақирамиз.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » ТИВ АҚШдаги норозиликларда ўзбекларни огоҳликка чақирди