
Исроилнинг «Ахборот эркинлиги» жамоатчилик ҳаракати мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг соғлиғи ҳақида тўлиқ ва мустақил тиббий ҳисоботни зудлик билан эълон қилишни талаб қилди. Бу ҳақда 9 июнь куни Исроилнинг Channel 12 телеканали хабар берди.
Ҳаракат раҳбари Ҳиддай Негев бош вазирнинг девонини унинг тиббий ҳолати ҳақидаги муҳим маълумотларни жамоатчиликдан яшириб келаётганликда айблаб, кескин танқид қилди. Негевга кўра, Нетаняҳунинг соғлиғига оид сўнгги расмий хабар 2025 йилнинг февраль ойида берилган бўлиб, унда бош вазирнинг 2023 йил июлида ўрнатилган кардиостимуляторга тўлиқ боғлиқ эмаслиги ва юрак етишмовчилиги белгиларининг йўқлиги таъкидланган эди.
«Ҳозир Нетаняҳу 75 ёшдан ошган. Унинг жисмоний ва ақлий саломатлиги борасида жамоатчиликда турли хил гумон ва тахминлар мавжуд. Шунинг учун ҳам биз мустақил, шаффоф ва батафсил тиббий ҳисобот эълон қилиниши керак деб ҳисоблаймиз», – деди Негев ўз баёнотида.
Ҳаракатнинг таъкидлашича, 2023 йилдан бошлаб Нетаняҳунинг хорижий, жумладан, АҚШга қилган барча сафарларида шифокорлар гуруҳи унинг ён атрофидан ажрамай кузатиб келмоқда. Бу эса жамоатчиликда бош вазирнинг саломатлиги билан боғлиқ ташвишларни янада кучайтирмоқда.
Бундан ташқари, мақолада Европа кардиология жамиятининг собиқ президенти, машҳур кардиолог профессор Йехуда Адлернинг сўзлари ҳам келтирилган. Унинг фикрича, Нетаняҳуда жиддий юрак касаллиги бор ва унга кардиостимулятор бекордан-бекор ўрнатилмаган:
«Кардиостимулятор бу инсон ҳаётини сақлаб қолувчи қурилмадир. Агар у кутилмаганда ишдан чиқса, беморнинг ёнида дарҳол профессионал тиббий ёрдам кўрсата оладиган мутахассиснинг бўлиши ниҳоятда муҳимдир», – дея вазиятнинг жиддийлигини урғулади профессор Адлер.
Бинямин Нетаняҳу Исроил тарихида энг узоқ муддат ҳукумат раҳбари лавозимини эгаллаган сиёсатчи ҳисобланади. У 2023 йил июлида юрак фаолиятини тартибга солувчи кардиостимуляторни ўрнаттирган ва 2024 йилнинг декабрида простата бези бўйича жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган эди.
Ҳозирги вақтда Исроилда Нетаняҳунинг саломатлиги билан боғлиқ хавотирлар кучайиб борар экан, расмий идоралар томонидан мустақил ва очиқ ҳисобот талаб қилиниши жамоатчилик ва сиёсий доираларда кенг муҳокама қилинмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар