date
views 241

Трамп минглаб мигрантларни Кубадаги Гуантанамо қамоқхонасига юбормоқчи

Трамп минглаб мигрантларни Кубадаги Гуантанамо қамоқхонасига юбормоқчи
АҚШда ноқонуний мигрантлар муаммоси янги босқичга чиқмоқда. The Washington Post нашри хабар беришича, собиқ президент Доналд Трамп маъмурияти Кубанинг Гуантанамо ҳарбий базасида жойлашган махфий қамоқхонага 9 минг нафарга яқин ноқонуний мигрантни жўнатишни кўзламоқда.

Маълумотларга кўра, бу қарорни амалга ошириш учун АҚШ расмийлари мигрантларни дастлаб тиббий кўрикдан ўтказади — уларнинг соғлиғи ва ушбу базада сақланишига яроқли ёки йўқлиги аниқланади. Режалаштирилаётган ушбу кўчириш жараёнида фақат Америка қитъасидаги давлатлар фуқаролари эмас, балки Европа мамлакатлари — Буюк Британия, Франция, Германия, Италия, Польша, Литва, Ирландия, Бельгия, Нидерландия, шунингдек, Украина ва Туркиядан келган юзлаб шахслар ҳам бор.

WP манбалари таъкидлашича, бу қарор Вашингтон томонидан иттифоқчи давлатлар билан келишилмасдан амалга оширилиши мумкин. Бу эса халқаро миқёсда дипломатик танқидларга йўл очиши эҳтимолини оширади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил бошида Трамп 30 мингга яқин ноқонуний мигрантни Кубадаги ушбу ҳарбий базага юбориш нияти борлигини билдирган эди. Аммо Гуантанамо қамоқхонасининг имкониятлари ҳали ҳам савол остида — у ҳозиргача фақат юзлаб маҳбусларни сақлаш учун мўлжалланган, ҳарбийлар эса чодирлар ёрдамида камида 3 минг нафар қўшимча жой тайёрлай олган, холос.

Оқ уйнинг изоҳ беришича, ушбу чора Трамп ваъда қилган Америка тарихидаги энг йирик депортация жараёнига тайёргарликнинг бир қисми ҳисобланади. Бу орқали мамлакат ичидаги тўлиб кетган ҳибсхоналарда жой бўшатиш кўзда тутилган.

Бу қарор фақат миграция сиёсати эмас, балки инсон ҳуқуқлари, халқаро муносабатлар ва ҳуқуқий жараёнлар борасида ҳам жиддий муҳокамаларга сабаб бўлиши кутилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трамп минглаб мигрантларни Кубадаги Гуантанамо қамоқхонасига юбормоқчи