
Эрон ядро қуроли яратиш бўйича жиддий ҳаракатларга қўл ургани борасида АҚШ расмийлари жиддий хавотир билдирмоқда. Бу ҳақда Арканзас штатидан республикачи сенатор Том Коттон ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, АҚШ Мудофаа вазири Пит Хегсет Эрон томонидан ядровий қурол ишлаб чиқариш бўйича олиб борилаётган ҳаракатларни тасдиқлаган. “Эрон ядро қуроли яратиш устида фаол иш олиб бораяпти. Бу ҳолат миллий хавфсизлигимиз, дўст-иттифоқчиларимиз ва бутун минтақа тинч аҳолиси учун улкан таҳдид солади. Биз буни қатьий тўхтатишимиз керак”, — деб ёзади сенатор.
Бу баёнот дунё ҳамжамияти, хусусан, Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) эълон қилган сўнгги маълумотлар фонида янграмоқда. Жорий йил 9 июнь куни МАГАТЭ бош директори Рафаэль Мариано Гросси Эрондаги бир нечта махфий объектларда аввалги йилларда антропоген уран зарралари топилганини эълон қилган эди. Унинг сўзларига кўра, бу жойлар 2000 йиллар бошида тугатилган, аммо ҳалигача декларатсия қилинмаган ядровий фаолият излари аниқланмоқда.
Гроссининг таъкидлашича, ушбу объектлар “эълон қилинмаган, яширин ядро дастурининг бир қисми бўлган” ва уларда декларация қилинмаган ядровий материаллардан фойдаланилган. Бу эса Эрон ядро дастури атрофидаги хавотирли вазиятни янада кучайтирмоқда.
Халқаро экспертлар бу ҳолат ядровий қурол тарқалишига қарши курашда жиддий таҳдид сифатида баҳоламоқда. АҚШ, Европа ва минтақадаги кўплаб давлатлар Эрондан фаолиятни очиқ ва шаффоф равишда олиб боришни талаб қилмоқда.
Дунё жамоатчилиги ушбу масалани жиддий равишда кузатмоқда. Эроннинг ядровий дастури юзасидан келишувларга риоя қилиши ва халқаро инспекцияларга тўлиқ очиқлик таъминлаши нафақат минтақавий барқарорлик, балки бутун инсоният хавфсизлиги учун муҳим аҳамият касб этади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар