
Украина президенти Владимир Зеленский Европа мамлакатларининг ҳарбий контингентини Украина ҳудудига жойлаштириш таклифини наfaqat мудофаа нуқтаи назаридан, балки тинчлик музокаралари учун янги йўл сифатида ҳам баҳолади. Унинг таъкидлашича, ушбу ғоя Украина ва Россия ўртасида муросага келиш имконини яратиши мумкин.
Зеленский журналистлар билан суҳбат чоғида “Кўнгиллилар коалицияси” деб номланган ташаббус ҳақида гапириб ўтди. Унга кўра, бу гуруҳ Европа мамлакатлари томонидан тузилган бўлиб, улар Украинада хавфсизлик кафолатлари сифатида фаолият юритишга тайёр. Қизиғи шундаки, бу ҳаракат НАТО аъзолигини талаб қилмайди – у тўғридан-тўғри Украина ҳудудига қўшин жойлаштиришни назарда тутади.
“Бу ерда НАТОнинг бешинчи моддаси амалга оширилиши мумкин, лекин бизнинг аъзолигимиз шарт эмас. Улар Украинада жойлашади ва бу нафақат ёрдам, балки ҳимоя учун ҳам муҳим қадам бўлади”, – деди Зеленский.
Президент, шу билан бирга, Европа мамлакатлари бу жараёнга АҚШнинг қўшилишидан ҳам умидвор эканини билдирди. Унинг сўзларига кўра, агар АҚШ ҳам Европа билан бирга иштирок этса, бу Украина учун кучли сиёсий ва ҳарбий қўллаб-қувватлаш сифатида хизмат қилади.
“Агар қандайдир воқеа юз берса, Америка ҳам биз билан бирга бўлади. Бу муҳим сиёсий ишора”, – дея қўшимча қилди у.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Европа ҳарбий кучларининг Украина ҳудудида бўлиши ёрдам миқдорининг камайиши эмас, аксинча, унинг мустаҳкамланиши демакдир. Чунки бу ҳозирдаги мураккаб вазиятда яқиндан туриб ҳимоялашни англатади.
“Биз ҳозир 1991 йил чегараларимизни қайтариб олишга тўлиқ қодир эмасмиз, лекин Европа ҳарбийлари ҳудудимизда бўлса, бу бизга тинчлик музокараларини бошлаш учун янги имконият яратади”, – деди Зеленский.
Шунингдек, у Европа қўшинларининг мавжудлиги Украина учун қандай афзалликлар беришига ҳам тўхталиб ўтди. Унга кўра, бу нафақат геосиёсий ҳимоя, балки психологик устунлик ҳамдир.
“Агар орқангизда бундай кучли ҳарбийлар турса, сиз Россия билан тенгма-тенг музокара олиб бориш имкониятига эгасиз. Агар йўқ бўлса, у ҳолда гап ультиматумга айланади. Чунки Путин ким билан гаплашаётганини жуда яхши тушунади”, – деди Зеленский.
Бу баёнот Украина–Россия муносабатларида янги босқични бошлаб бериши мумкин. Европа давлатларининг ушбу ташаббусдаги позицияси ва АҚШнинг эҳтимолий иштирокчи сифатида қай даражада қўшилиши эса яқин келажакда сиёсий манзарани янада аниқроқ белгилаб беради. Украинада эса умид кучаяётир. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар