date
views 135

Ғазода ёрдам пункти атрофида қирғин: 23 фаластинлик ҳалок бўлди

Ғазода ёрдам пункти атрофида қирғин: 23 фаластинлик ҳалок бўлди
Ғазо секторида фаластинлик аҳолига қарши навбатдаги қонли ҳужумлар амалга оширилди. Al Jazeera телеканали тарқатган маълумотларга кўра, Исроил ҳарбийларининг 15 июнь куни амалга оширган отишмалари ва ҳаво ҳужумлари натижасида камида 23 фаластинлик ҳалок бўлган. Улардан 11 нафари Ғазо гуманитар жамғармаси (ҒГЖ) томонидан бошқариладиган ёрдам пунктларида озиқ-овқат олиш пайтида ўлдирилган.

Энг қаттиқ жиноятлардан бири Ғазо марказидаги Ал Авда шифохонаси яқинида содир бўлган. Шифокорларнинг сўзларига кўра, аҳоли ҒГЖ объектлари яқинида ёрдам олиш учун тўпланганида, Исроил снайперлари ва ҳарбийлари томонидан отишмалар бошланган. Бу ерда камида 3 киши жон берган, ўнлаб фуқаролар оғир тан жароҳати олган.

Рафаҳ шаҳрининг Мавоси ҳудудидаги ёрдам пунктида ҳам вазият изидан юрмоқда. Исроил томонидан амалга оширилган янги отишмаларда 2 фаластинлик ҳалок бўлиб, 50 нафардан ортиғи турли тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган. Қизил хоч шифохонасида яраланганларга ёрдам кўрсатилмоқда.

Шунингдек, шу куннинг ўзида Исроил авиацияси томонидан уюштирилган бир неча бор ҳаво зарбалари оқибатида Ғазо жанубида камида 12 киши ва шимолдаги Бейт Лахия шаҳрида яна 7 фуқаро ҳалок бўлгани маълум қилинди.

Al Jazeera манбаларига кўра, Ғазо гуманитар жамғармаси томонидан ташкил қилинган ёрдам тарқатиш пунктлари энди фуқаролар томонидан “қатл майдонлари” сифатида баҳоланмоқда. Чунки бу ҳудудлардаги одамлар қайта-қайта ҳужумларга учрамоқда. Одамларга озиқ-овқат тарқатилаётган пайтда, улар қурол остида қолмоқда.

Шанба куни камида 79 фаластинлик ҳаётдан кўз юмди. Улардан кўпчилиги оғир аҳволдаги, ёрдамга муҳтож фуқаролар эди. Бу ҳақда Ал Авда ва Ал Ақсо шифохоналари шифокорлари маълум қилган. Улар Исроил ҳарбийлари томонидан Netzarim коридори яқинида ёрдам тарқатиш жойига яқинлашишга уринган фуқаролар отиб ташланганини тасдиқлаган.

Жанжалли вазиятга қарамай, Исроил ҳарбийлари томонидан ушбу воқеаларга ҳозирча расмий изоҳ берилмаган. Бу фаластинликлар орасида нафрат ва исён руҳиятини янада оширмоқда.

Эслатиб ўтамиз, май ойи охирида Исроил озиқ-овқат ва дори-дармон каби муҳим маҳсулотлар бўйича қисман блокадани бекор қилганидан сўнг ҒГЖ ўз фаолиятини тиклаган эди. Бироқ гуманитар ёрдам тарқатиш ҳам хавфсиз бўлмай қолгани фаластинликлар учун янги фожеаларга олиб келмоқда.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий маълумотига кўра, май ойидан бери гуманитар ёрдам тарқатиш жараёнларида камида 274 фаластинлик ҳалок бўлган ва 2 мингдан ортиғи турли даражада тан жароҳати олган.

Вазият Ғазода инсонпарварлик инқирозининг янада чуқурлашиб бораётганини ва ҳарбий ҳаракатлар ортида содир этилаётган фожиаларни бутун дунё жамоатчилиги диққат марказига чиқариши зарурлигини кўрсатади.

Фото: Al Jazeera
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ғазода ёрдам пункти атрофида қирғин: 23 фаластинлик ҳалок бўлди