
Хитойнинг Сичуан провинциясида яшовчи 35 ёшли Мин Хенцай ҳаётидаги синовлар, муаммолар ва турли қийинчиликлардан сўнг кутилмаган қарор қабул қилди: у иш ва никоҳдан ҳафсаласи пир бўлиб, шаҳар ҳаётидан воз кечди ва ғорда яшашни бошлади. Бу ҳақда South China Morning Post манбаси хабар берди.
Мин Хенцай илгари шаҳарда кунига ўн соатдан ортиқ такси ҳайдаб, ҳаёт учун курашар, ойига тахминан 1400 доллар даромад топар эди. Аммо бу меҳнатнинг асл сабаби – қариндошлар олдидаги катта қарз ва молиявий мажбуриятлар эди. Унинг ўзи айтишига кўра, банк ва кредит ташкилотларига 42 минг доллардан ортиқ қарзи бор эди. Охир-оқибат, қариндошлари унинг мол-мулкини сотиб юборишганини эшитганидан кейин, ҳаётида янги саҳифа очишга қарор қилди.
2021 йилда Мин ўз ватанига қайтиб, қалбини тинчлантирадиган жой – қишлоқдаги ғорга кўчиб ўтди. У ўз ер участкасини қишлоқдошининг кичикроқ ҳовлисига алмашган ва ёнидаги табиий ғордан хонадон сифатида фойдаланиш имконига эга бўлган. 50 квадрат метрлик бу ғор-уйини жиҳозлаш учун эса 6000 доллар сарфлади.
Ҳозирда Хенцайнинг кун тартиби жуда оддий ва, айни пайтда, ўзи учун маъноли: ҳар куни соат 8:00 да уйғонади, кун давомида китоб ўқиш, узоқ сайр қилиш, табиат бағрида полизда ишлаш билан машғул бўлади. Шунингдек, у 40 мингдан зиёд обуначига эга бўлган шахсий блогини юритиб, ўз ҳаёти ва тажрибалари ҳақида фойдаланувчилар билан ўртоқлашади. Тунда эса соат ўн иккиларда уйқуга ётади. Унинг рациони асосан ўзи етиштирган сабзавотлардан иборат.

Мин Хенцай ғордаги уйини ҳазиллашиб “қора туйнук” деб атайди ва шаҳарда ишлаб яшаган вақтларида айнан шундай эркин, осуда ҳаёт тарзини орзу қилганини яширмайди. Унинг фикрича, шахсий бахт ва ички осойишталик дунёвий бойлик ёки моддий фаровонликда эмас, балки табиат билан уйғунликда, ҳақиқий мустақиллик ва оддий ҳаётдадир.
Мин ишни “бемаъни машғулот” деб ҳисоблайди. Уни никоҳ ҳам қизиқтирмайди, чунки у буни “вақт ва пулни беҳуда сарфлаш” деб билиб, ҳақиқий муҳаббатни топиш эҳтимолига ишонмайди. “Мен ноёб нарса учун аста-секин меҳнат қилишим шарт эмас. Ҳаётда инсон ўз эркини топиши, ўзига маъқул ҳаётни танлаши керак”, дейди у.
Бугунги кунда кўпчилик инсонлар моддий муваффақият ва ташқи гулдураст ҳаёт сари шошилса-да, Мин Хенцай каби шахслар шахсий осойишталик ва тинчликни энг асосий қадрият деб ҳисоблайди. Унинг тажрибаси, энг оғир дамларда ҳам ҳаётга бошқача нигоҳ билан қараш, янги имкониятларни топиш мумкинлигини кўрсатади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Мавзуга оид янгиликлар